ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТДА ДАЛИЛЛАРНИНГ РОЛИ
11.1. Далилнинг фалсафий таҳлили.
11.2. Эмпирик далилнинг хоссалари
11.3. Илмий далилнинг тавсифи ва хоссалари
11.4. Илмий далилнинг структураси
11.1.Далилнинг фалсафий таҳлили.
Илмий муаммони қўйиш, унинг ечимини топиш, илгари сурилган
қоидаларни текшириш учун объектив ҳақиқийлиги аниқланган билим зарур.
Бу ҳаққоний илмий билим илмий ижодда таяниладиган далил ҳисобланади.
Н.Шермухамедова далилларни объектив ва субъектив асосларга кўра фарқлаш
мумкин, деб таъкидлаб ўтади1. Бизнинг фикримизча, объектив далил бу
эмпирик даража эксперимент ва кузатишлар натижасида олинади. Субъектив
далил эса мазкур воқеа ҳодисаларнинг субъект томонидан назарий таҳлил
қилишдир. Шунингдек, далил илмий билиш стандартларига тўла мос келувчи
турли-туман асосларга таянади. Ҳатто, у илмий билиш чегарасини аниқлаб
олишга ёрдам берувчи илмий билиш шакли ҳисобланади. Илмий далил ҳам
олимга янги, ҳаққоний илмий билим олишига кўмалашувчи муҳим омил
ҳисобланади. Айни шу маънода, далилларни топиш, олиш ва англаб етиш
илмий ижоднинг узлуксиз жараён эканлигини белгилайди.
Далил тушунчаси ҳар хил маъно-мазмунга эга. «Далил» атамасининг кўп
сонли таърифлари орасида қуйидагиларни қайд этиш мумкин. Биринчидан,
борлиқ ҳодисаси, асос қилиб олиш мумкин бўлган воқеа, ҳодиса, ҳолат
1 Қаранг: Шермухамедова Н.А. Гносеология - билиш назарияси. – Тошкент: Noshir, 2011.– Б. 179-183.
сифатидаги далил. Бу инсон томонидан англанган ёки англанмаганлигидан
қатъи назар мавжуд бўлган ҳаёт далилларидир.
Иккинчидан, «далил» тушунчаси борлиқнинг англаб етилган воқеалари ва
ҳодисаларини белгилаш учун қўлланилади. Инсон билиш имкониятларининг
серқирралиги шунда намоён бўладики, борлиқнинг айни бир далили
билишнинг оддий ва илмий даражаларида, санъат, публицистика ёки юридик
амалиётда англаб етилиши мумкин. Шу сабабли турли усуллар билан
аниқланадиган ҳар хил далилларнинг ишончлилик даражаси ҳам ҳар хил
бўлади. Кўпинча илмий далил билан борлиқ воқеаси ўхшаш бўлиб кўринади
ва бу айрим файласуфлар ва олимларга далил ҳақиқатини мутлақ ҳақиқат
сифатида тавсифлаш имконини беради. Бундай тасаввур билишнинг ҳақиқий
манзарасига мос келмайди, уни догмага айлантиради ва соддалаштиради.
Далиллар мураккаб тузилишга эга. Улар борлиқ ҳақидаги ахборот, далил
талқини, уни олиш ва тавсифлаш усулини ўз ичига олади.
Далилнинг муҳим томони – борлиқ ёки унинг айрим хоссалари ҳақида
тасаввурнинг шаклланишига имконият яратувчи борлиқ тўғрисидаги
ахборот. Далилнинг борлиққа мувофиқлиги уни ҳақиқий деб тавсифлаш
имконини беради. Шу сабабли далиллар фаннинг эмпирик асоси, назарияни
тасдиқлаш ёки инкор этишнинг муҳим усули ҳисобланади. Далил ёрдамида
борлиқ холисона, назарияга боғланмаган ҳолда англаб етилади. Далиллар эски
назария доирасига сиғмайдиган, унга зид бўлган ҳодисаларни кашф этиш
имконини беради.
Талқин қилиш далилнинг муҳим унсури бўлиб, у ҳар хил шаклларда амалга
оширилади. Илмий далил назария билан билвосита боғлиқ. Назария ёрдамида
эмпирик тадқиқотнинг вазифалари аниқланади ва унинг натижалари талқин
қилинади. Талқин қилиш далил таркибидан уни шакллантиришнинг назарий-
методологик шарти, далилдан келиб чиқадиган назарий хулоса, унинг илмий
изоҳи ёки ҳар хил мафкуравий, илмий ёки фалсафий нуқтаи назарлардан
амалга ошириладиган баҳолаш сифатида ўрин олади.
Далилнинг моддий-техник ёки методик томони, яъни уни олиш усули ҳам
бор. Далилнинг ишончлилиги кўп жиҳатдан у қайси усулда, қандай воситалар
ёрдамида
олинганлиги
билан
белгиланади.
Масалан,
сайловолди
кампанияларида номзодлар рейтинги, уларнинг муваффақият қозониш
имкониятларини кўрсатувчи социологик тадқиқотларнинг натижаларидан кўп
фойдаланилади. Кўпинча уларнинг натижалари бир-биридан сезиларли
даражада фарқ қилади, баъзан бир-бирига мутлақо зид бўлади. Тўғридан-
тўғри хатога йўл қўйиш имконияти истисно этилса, бундай фарқларнинг
сабаби методикаларнинг ҳар хиллиги билан изоҳланиши мумкин.
Далил – “бу ўтмишга ёки ҳали давом этаётган ҳозирги даврга тегишли бўлган,
лекин келажакка ҳеч қачон тегишли бўлмайдиган ҳаракат, ҳодиса, воқеа; бу –
хаёлот, уйдирмага қарама-қарши ўлароқ, воқелик, ўйлаб топилмаган нарса ёки
ҳодиса; бу – абстракт ва умумийга қарама-қарши ўлароқ аниқ ва якка нарса
ёки ҳодиса; ниҳоят, “далил” тушунчаси бир карралик ҳодисалар ёки
воқеалардан бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган ҳодисалар йиғиндиси,
жараёнлар, муносабатларга кўчирилган...”.
Далиллар – бу фанни фалсафа ва диндан фарқлаш имконини берадиган
фаннинг асосий омили. Фалсафа ҳам, дин ҳам бундай далиллар ва
умумлаштиришларни яратмайди. Далил (лот. factum – юз берган ҳодиса) –
ҳақиқийлиги аниқ белгиланган даъво кўринишидаги билим. Далил – бу содир
бўладиган (содир бўлган) воқеа. Далил қайд этилган эмпирик билимни ўзида
ифодалайди ва “воқеа”, “натижа” тушунчаларининг синоними сифатида амал
қилади (яъни маъно жиҳатидан улар билан айний ёки уларга яқин туради).
Далил – бу амалда аниқланган, уйдирма бўлмаган воқеа, ҳодиса. Далил – бу
билиш мумкин бўлган ҳодиса; билиш мумкин бўлмаган ҳодиса илмий далил
ҳисобланмайди. Фанда далиллар назарий мулоҳазаларнинг ахборот манбаи ва
эмпирик асоси вазифасини бажариш билан бир қаторда, уларнинг
ҳақиқийлиги мезони бўлиб ҳам хизмат қилади. Ўз навбатида, назария
далилнинг концептуал асосини шакллантиради: воқеликнинг ўрганилаётган
жиҳатини фарқлайди, далилларни баён этиш тилини, экспериментал тадқиқот
воситалари ва усулларини белгилайди. Бу ерда энг катта қийинчилик ҳақиқий
далилларни ҳақиқий бўлмаган, ҳақиқий бўлиб туюлаётган далиллардан
фарқлашдан иборат.
11.2.Эмпирик далилнинг хоссалари.
Эмпирик далиллар фанда илмий назариялар таянадиган эмпирик
базисни ҳосил қилади. Эмпирик даражанинг ички тузилишида камида икки
кичик даража фарқланади: а) бевосита кузатишлар ва экспериментлар.
Кузатиш маълумотлари уларнинг натижаси ҳисобланади; б) билиш амаллари.
Уларнинг ёрдамида кузатиш маълумотларидан эмпирик боғланишлар ва
далилларга ўтиш амалга оширилади. Кузатилган далил – бу икки қисмдан
иборат бўлган даъво. Далил тавсифи – муайян шароитларда кузатиш мумкин
бўлган нарса ёки ҳодиса тавсифи. Кузатишни ўтказиш шароитлари – бу
даъвонинг биринчи қисмида тавсифланган нарса ёки ҳодисани қайси
шароитларда кузатиш мумкинлигининг тавсифи.
Ҳозирги замон эпистемологиясида “назария – далил” муносабатига
нисбатан икки асосий ёндашувни фарқлаш мумкин. Улардан бирининг
замирида ётувчи ғояни мухтасар тарзда қуйидагича таърифлаш мумкин:
илмий далиллар назариядан ташқарида ётади ва унга мутлақо боғлиқ
бўлмайди.
Иккинчи концепция қарама-қарши фикрга таянади: илмий далиллар
назария доирасида ётади ва у билан тўлиқ белгиланади.
Иккинчи назария тарафдорлари далилнинг мустақиллигига, унинг
назарияга қарам эмаслигига ҳавола қиладилар. Агар далил деганда ишларнинг
амалдаги ҳолатини тушунадиган бўлсак, унинг назариядан мустақил эканлиги
аниқ ва равшан. Далил ҳиссий образ сифатида талқин қилинган ҳолда, ҳиссий
идрокнинг тилдан мустақил эканлигига урғу берилади. Муайян гаплар
сифатидаги далиллар тўғрисида сўз юритилган ҳолда эса, ушбу гаплар назария
гаплари билан таққослаганда алоҳида хусусият касб этишига эътибор
қаратилади: бундай гаплар ё “соф” ҳиссий йўл билан идрок этилган нарса ёки
ҳодисани ифодалайди, ё кузатиш атамаларини ўз ичига олади, ё ўзига хос
тарзда верификация қилинади. Барча ҳолларда мазкур назария далиллар ва
назарияни бир-бирига кескин қарама-қарши қўяди ва бу эпистемологияда
турли-туман оқибатларга олиб келади. Хусусан, мазкур нуқтаи-назар бир-
бирининг ўрнига келувчи назарияларга нисбатан далиллар ва кузатиш
тилининг
бир
вариантлилигини
тасдиқлайди.
Илмий
билимнинг
ривожланишини тушунишда примитив кумулятивизм бир вариантлиликнинг
эътироф этилиши билан узвий боғлиқ. Аниқланган далиллар ғойиб бўлиши
ёки ўзгариши мумкин эмас, улар фақат тўпланиши мумкин, бунда
далилларнинг қиммати ва мазмунига уларни сақлаш муддати таъсир
кўрсатмайди: айтайлик, Фалес томонидан аниқланган далиллар ўзгармаган
кўринишда бизгача етиб келган. Бу назариянинг билишдаги ролига паст назар
билан қаралишига ва унинг инструменталистик нуқтаи назардан талқин
қилинишига олиб келади. Ишончли, асосланган, сақланадиган билим – бу
фақат ўзгармас далилларни билиш демак, билишда ўзгарувчан, ўткинчи
билимларнинг барчаси фақат далилларни кашф этишга ёрдам бергани учун
ҳам аҳамиятга эга бўлади. Назариянинг қиммати фақат шу билан
белгиланадики, у ўзидан кейин бир нечта янги далиллар ҳақидаги билимни
қолдиради. Ушбу талқинда далиллар назарияни қамраб олади. Кўриб
турганимиздек, мазкур концепция олим ва унинг назариясига анча пассив
ролни ажратади. Далиллар ва уларнинг бирикмалари билиш жараёнига қадар
мавжуд бўлади ва билувчи субъектнинг вазифаси фақат уларни қайд этишдан
иборатдир. Тўғри, назария янги асбоблар ва воситаларнинг ишлаб
чиқилишини рағбатлантириши ҳам мумкин, аммо бу олимлар томонидан
аниқланаётган далиллар доирасини фақат кенгайтиради ёки уларни янада
тўғри аниқлаш учун имконият яратади. Бунда олим табиатдан фотографик
аниқлик билан нусха кўчирувчи мусаввирга ўхшаб қолади ва унинг барча
бадиий воситалари фақат битта мақсадга – портретни оригиналнинг кўзгудаги
аксига айлантиришга қаратилади.
Олимларнинг бошқа бир нуқтаи назарига кўра, далиллар деганда ҳиссий
образлар ёки гаплар тушунилади. Аммо, биринчи нуқтаи назарга қарама-
қарши ўлароқ, бу ерда далилларнинг назария билан узвий алоқасига урғу
берилади. Бунда турли парадигмаларнинг тарафдорлари айни бир вазиятда ҳар
хил ҳиссий образларни олади, бинобарин, улар қўлга киритадиган далиллар
ҳам ҳар хил бўлади. Илмий далил табиати хусусидаги шунга ўхшаш
қарашларни П.Фейерабенд ҳам ривожлантиради. Унинг учун далил – бу
ҳиссий идрок этилган нарса ёки ҳодисанинг муайян гап билан бирикмаси. Бу
гапни у идрок этилган нарса ёки ҳодисанинг “табиий талқини” деб атайди.
Масалан, ташланган тошнинг вертикал тушиш далили икки таркибий қисмга
– муайян ҳиссий идрок этиш ва “Тош вертикал тушади” гапига бўлинади.
Ҳиссий идрок этилган нарсалар ва ҳодисаларни табиий талқин қилиш назария
билан белгиланади. Табиий талқинлар таркибига кирувчи атамаларнинг
маъноларини ўзгартириш орқали тадқиқотчи ушбу талқинларни ҳам
ўзгартиради ва, бинобарин, бошқа далилларни олади.
Иккала парадигманинг ҳам заифлиги шу билан белгиланадики, уларнинг
замирида ётувчи соғлом ғоялар мутлақлаштирилади ва ўта бўрттириб
ифодаланади, “назария – далиллар” муносабати аъзоларидан бирини маънодан
маҳрум этади.
11.3.Илмий далилнинг тавсифи ва хоссалари.
Илмий далил эмпирик билишнинг натижаси ҳисобланади. Далил (ёки
далиллар)ни аниқлаш илмий тадқиқотнинг зарурий шартидир. Далил –
билимнинг тасдиқланган бойлигига айланган моддий ёки маънавий дунё
ҳодисаси, бирон-бир ҳодиса, хосса ёки муносабатни қайд этишдир.
А.Эйнштейн сўзлари билан айтганда, фан далиллардан бошланиши ва
бошланиш билан тугалланиш ўртасида қандай назарий тузилмалар
бўлишидан тузилишидан қатъи назар, далиллар билан якунланиши лозим.
Фаннинг кўп асрлик тарихи нафақат кашфиётлар тарихи, балки далилларни
назарий мавҳумлаштириш, умумлаштириш ёки тизимга солишнинг муҳим
омили ҳисобланган фан тилининг ривожланиш тарихи ҳамдир. Шу сабабли
ҳар қандай далил белги-алоқа жиҳати, яъни у тавсифланган фан тилига эга
бўлади. Графиклар, схемалар, илмий белгилар ва атамалар – фан тилининг
муҳим
атрибутлари.
Агар
илмий
кашфиётни
одатдаги
атамаларда
тавсифлашнинг иложи бўлмаса, уни идрок этиш жараёни баъзан узоқ йилларга
чўзилади.
Илмий билимнинг ривожланишига қараб табиий тил унда ифодаланаётган
нарсалар мазмунига семантик жиҳатдан мувофиқ эмаслиги бўртиб кўрина
бошлади. Табиий тил ибораларининг сермаънолилиги, гаплар мантиқий
тузилишининг ноаниқлиги, тил белгиларининг маънолари контекст таъсирида
ўзгарувчанлиги, психологик ассоциациялар – буларнинг барчаси илмий
билишда зарур бўлган маънонинг аниқлиги ва равшанлигига эришишга
монелик қиларди. Натижада табиий тилни сунъий тарзда формаллаштирилган
тил билан алмаштиришга эҳтиёж туғилди. Унинг кашф этилиши фаннинг
билиш воситаларини жуда бойитди, унга янги ва янги мураккаб вазифаларни
ечиш имконини берди. Шуни таъкидлаш лозимки, илмий далиллар ҳам,
гипотезалар, назариялар, илмий муаммолар ҳам фанда яратилган сунъий
тилларга таянади.
Илмий далил назарий тизимга киради ва икки муҳим хосса: ишончлилик
ва бир вариантлиликка эга бўлади. Илмий далилнинг ишончлилиги шундай
намоён
бўладики,
уни
тадқиқотчилар
томонидан
турли
даврларда
ўтказиладиган янги экспериментлар ёрдамида олиш ва ифодалаш мумкин.
Илмий далилнинг бир вариантлилиги шундан иборатки, у ўзининг
ишончлилигини талқинларининг ранг-баранглигидан қатъи назар сақлаб
қолади.
Далил баъзан тасодифий нарсаларни ҳам ўз ичига олади. Фанни аввало
умумий, қонуний нарсалар қизиқтиради. Илмий таҳлил негизини битта далил
эмас, балки асосий тенденцияни акс эттирувчи далиллар тўплами ташкил
этади. Далиллар сон-саноқсиздир. Кўп сонли далиллар орасидан муаммонинг
моҳиятини тушуниш учун зарур бўлган айримлари оқилона танлаб олиниши
лозим.
Бироқ бунда амалиёт мезони амалда инсоннинг бирон-бир тасаввурини
тўлиқ тасдиқлаш ёки инкор этишга қодир эмаслигини унутмаслик керак. Бу
мезон ҳам шу даражада номуайянки, у инсонга ўз билимларини тўлдириш ва
ривожлантиришга муҳтож бўлмаган узил-кесил ва тўлиқ ҳақиқатга
айлантириш имконини бермайди.
Далиллар уларни талқин қилувчи назария, уларни таснифлаш методи
мавжуд бўлган, улар бошқа далилларга боғлаб англаб етилган ҳолдагина
илмий аҳамият касб этади. Фақат ўзаро боғланган ва яхлит кўринишда
далиллар назарий умумлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Алоҳида ва тасодифан, ҳаётдан ажратиб олинган далиллар бирон-бир нарса
ёки ҳодисани асослашга қодир эмас. Нотўғри танлаб олинган далиллардан ҳар
қандай назарияни тузиш мумкин, бироқ у ҳеч қандай илмий аҳамиятга эга
бўлмайди.
Когерент назарияга мувофиқ «далил» - бу билувчи субъектнинг ҳақиқий
деб тан олган нарсаларидир. Бунда субъектнинг мавжуд бўлган ишончлари
системаси (биргаликдаги) ички келишилган система, деб қаралади. Ф.Бэкон ўз
билиш назариясида эмпирик далиларнинг аҳамиятини улуғлайди. Унинг
фикрича, “Соф эмпирик олим чумолига ўхшаб фақат далилларни йиғиши ва
улар билан кифояланади, соф рационалист, назариётчи эса, аксинча,
далилларга эътибор бермай, ўргимчакка ўхшаб ўз-ўзидан назарий тўр
тўқийди, бироқ ҳақиқий олим асаларига ўхшаб ҳар хил гуллардан материал
йиғади ва уларни ўз ихтиёрига кўра тасарруф этади”2. Бунда мазкур далиллар
ёрдамида назарияга аниқлик киритиш ёки аксинча, уни эскирган ва ўз
аҳамиятини йўқотган деб топиш талаб этилади. Айни шу маънода, илмий
далил эмпирик билишнинг натижаси ҳисобланади. Бироқ далиллар назарияни
белгиламайди, балки назария ўзининг англаб етилган тажрибасига кириши
2 Қаранг: Бэкон Ф. Сочинения в 2 т-х. – М.: Мысль, 1977. - 567 с.
мумкин бўлган у ёки бу далилларни танлайди. Шунинг учун ҳам А.Эйнштейн
“Фан далиллардан бошланиши ва бошланиш билан тугалланиш ўртасида
қандай назарий тузилмалар бўлишидан, тузилишидан қатъи назар, далиллар
билан якунланиши лозим”3 деган хулосага келади. Мазкур фикр муайян
даражада тўғри. Чунки илмий далил ўзининг ишончлилигини талқинларининг
ранг-баранглигидан қатъи назар ўз мазмун-моҳиятини сақлаб қолади.
Далилларни умумлаштириш таҳлил, синтез қилиш, типларга ажратиш,
бирламчи тушунтириш схемаларидан фойдаланиш ва ҳоказолар асосида
амалга
оширилади.
Далиллар
саралаб
олингани,
таснифлангани,
умумлаштирилгани ва тушунтирилганидан кейингина илмий аҳамият касб
этади.
Фаннинг ривожланишида далилларнинг муҳим роли тўғрисида сўз
юритар экан, В.И.Вернадский шундай деб ёзган эди: “Илмий далиллар илмий
билим ва илмий ишнинг асосий мазмунини ташкил этади. Улар, агар тўғри
аниқланган бўлса, шак-шубҳасиз ва ҳамма учун мажбурийдир. Улар билан бир
қаторда асосий шакли эмпирик умумлаштиришлар бўлган муайян илмий
далиллар тизимлари фарқланиши ҳам мумкин”.
Илмий далил – бу фақат воқеа тавсифи ёки ўлчанган катталик эмас,
балки бошқа кўп сонли маълумотлар ҳамдир: далил қачон, қай тарзда ва ким
томонидан қайд этилган, у бошқа қайси воқеалар, далиллар, тадқиқотлар
билан боғланган ва ҳоказо. Илмий далил – бу билимнинг фан ва ижтимоий
амалиётда ўз тасдиғини топган, моддий ва маънавий дунё хоссаларини акс
эттирадиган бир парчаси. “Илмий далил” тушунчаси мазмун жиҳатидан
кундалик ҳаётда қўлланиладиган “далил” тушунчасидан анча кенг ва
серқирра. Илмий далиллар тўғрисида сўз юритганда, уларни илмий билимнинг
нарсалар ва жараёнларнинг объектив хоссаларини акс эттирувчи таркибий
элементлари сифатида тушунадилар. Илмий далиллар асосида ҳодисаларнинг
қонуниятлари аниқланади, назариялар тузилади ва қонунлар келтириб
3 Эйнштейн А. Теория относительности. Избранные работы. — Ижевск: Научно-изд. центр «Регулярная и
хаотическая динамика», 2000. — 224 с.
чиқарилади. Илмий далил – бу хулоса чиқариш ёки тасдиқлаш учун асос
ҳисобланадиган воқеа ёки ҳодиса. У илмий билим асосини ташкил этувчи
элемент ҳисобланади.
Илмий далил хоссалари. Илмий далиллар янгилик, аниқлик, объективлик
ва ҳақиқийлик сингари хоссалар билан тавсифланади. Ушбу хоссаларни
тавсифловчи хусусиятларни кўриб чиқамиз. Илмий далилнинг янгилиги шу
вақтгача маълум бўлмаган, бутунлай янги нарса, ҳодиса ёки жараён ҳақида
дарак беради. Бу албатта илмий кашфиёт бўлиши шарт эмас, бироқ бу шу
вақтгача биз билмаган нарса ёки ҳодиса ҳақидаги янги билимдир.
Янги илмий далиллар фанда улкан аҳамият касб этиши туфайли,
уларнинг ҳақиқийлигини ҳисобга олиш ва танқидий баҳолаш талаб этилади.
Айрим ҳолларда янги далилларни билиш бизнинг реал воқелик ҳақидаги
тасаввурларимизни кенгайтиради, айрим ҳолларда – бизнинг ушбу воқеликни
ўзгартириш имкониятларимизни бойитади, баъзи ҳолларда эса – ҳушёр
торттиради ва нарсалар табиати ҳақидаги янги билимлар инсонга зарар
келтирмаслиги учун зийрак бўлишга даъват этади. Илмий далилнинг аниқлиги
объектив методлар билан белгиланади ва нарсалар, ҳодисалар, воқеаларнинг
энг муҳим белгилари, уларга миқдор ва сифат жиҳатидан берилган таърифлар
йиғиндисини тавсифлайди.
Далилларни саралашда илмий жиҳатдан объектив бўлиш зарур.
Далилларни фақат уларни тушунтириш ёки амалда қўллаш қийинлиги
туфайли четга суриб қўйиш мумкин эмас. Амалда янги билимнинг моҳияти
фанда тадқиқотчининг ўзига доим ҳам аниқ ва равшан кўриниб турмайди.
Янги, баъзан анча йирик илмий далиллар уларнинг мазмуни яхши
ёритилмагани туфайли узоқ вақтгача фан захирасида қолиши ва улардан
амалда фойдаланилмаслиги мумкин. Илмий далилнинг ҳақиқийлиги унинг
амалда шак-шубҳасиз мавжудлигини тавсифлайди. Бундай мавжудлик ўхшаш
вазиятлар моделини яратиш жараёнида ўз тасдиғини топади. Илмий
далилларнинг ҳақиқийлиги дастлабки манбаларнинг ҳақиқийлигига, уларнинг
мақсад ва вазифаларига ҳамда уларда ифодаланган ахборотнинг хусусиятига
кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Ўз-ўзидан равшанки, давлат ёки жамоат
ташкилотлари, муассасалар ва идоралар номидан чоп этиладиган расмий
нашрда аниқлиги шубҳа уйғотмайдиган материаллар эълон қилиниши лозим.
Олим далилларни кўр-кўрона изламайди, балки ҳар доим бунда муайян
мақсадлар, вазифалар ва ғояларга амал қилади. Шундай қилиб, эмпирик
тажриба ҳеч қачон – айниқса ҳозирги замон фанида – кўр-кўрона бўлмайди: у
назария даражасида режалаштирилади ва шакллантирилади, далиллар эса ҳар
доим у ёки бу даражада назарий юкка эга бўлади. Шу сабабли фаннинг
бошланғич нуқтаси, унинг асоси – бу нарсалар, ҳодисалар, қуруқ далиллар
(ҳатто уларнинг йиғиндиси) ҳам эмас, балки назарий схемалар, “воқеликнинг
концептуал асослари”дир.
11.4.Илмий далил структураси.
Илмий далил уч таркибий элемент – лингвистик, перцептив ва моддий-
амалий элементларни ўз ичига олади. Ушбу элементларнинг ҳар бири
далилнинг мавжудлиги учун тенг даражада зарур. Ҳар қандай далил,
авваламбор, муайян гап билан боғлиқ бўлади. Бундай гап қуйидагича
ифодаланиши мумкин: “Атмосфера ҳавосида фалон хоссаларга эга бўлган газ
мавжуд”. Ушбу гапни далилнинг лингвистик элементи деб атаймиз.
Илмий далилнинг иккинчи таркибий элементи сифатида перцептив
элемент амал қилади. Перцептив элемент деганда далилни аниқлаш
жараёнида амал қиладиган муайян ҳиссий образ ёки ҳиссий образлар
йиғиндиси тушунилади. Перцептив элемент ҳам зарур. Айни ҳол шу билан
белгиланадики, ҳар қандай табиий илмий далил амалда мавжуд нарсаларга ва
ушбу нарсалар билан амалда бажариладиган ҳаракатларга назар ташлаш йўли
билан аниқланади. Инсоннинг ташқи дунё билан алоқаси эса фақат сезги
органлари орқали амалга оширилади. Шу сабабли ҳар қандай илмий далилни
аниқлаш жараёни ҳиссий идрок этиш билан узвий боғлиқ ва перцептив томон
ҳар бир далилда у ёки бу даражада мавжуд бўлади. Оддий кузатиш йўли билан
аниқланадиган далилларда перцептив элемент айниқса бўртиб намоён бўлади.
Агар далилни аниқлаш мураккаб техник қурилмалар ва асбоблардан
фойдаланишни талаб қилса, перцептив элемент камроқ даражада бўртиб
намоён бўлади, бироқ у ҳеч қачон бутунлай йўқолмайди.
Далилнинг “моддий-амалий элементи” деганда биз далилни аниқлаш
жараёнида қўлланиладиган асбоблар ва воситалар йиғиндисини, шунингдек
ушбу асбоблар билан бажариладиган амалий ҳаракатлар йиғиндисини
тушунамиз. Далилнинг моддий-амалий томони одатда эътиборга олинмайди
ва далил ушбу таркибий элементга умуман боғлиқ эмасдек бўлиб туюлади.
Аммо бу нотўғри. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун илмий далилларнинг
аксарияти тегишли асбоблар ва улар билан муомалада бўлиш кўникмаларисиз
умуман мавжуд бўлиши мумкин эмаслигини эслашнинг ўзи кифоя қилади.
Агар, айтайлик, Лавуазье аниқланган далилни қадимги юнон фанининг
мулкига айлантиришни истаса, у “Атмосфера ҳавосида фалон хоссаларга эга
бўлган газ мавжуд”, деган гапни хабар қилишнинг ўзи билан кифояланган
бўлармиди? Бизнингча, бунинг ўзи кифоя қилмас эди. Балки юнонлар ушбу
гапни охир-оқибат тушуниб етардилар, бироқ, шунга қарамай, у юнонлар учун
фақат фалсафий фараз бўлиб қолган бўларди. Мазкур гапни юнон фанининг
далилига айлантириш учун унга тегишли газни олиш ва унинг хоссаларини
тадқиқ этиш моддий-амалий воситаларини қўшимча қилиш талаб этилган
бўларди. Бундай вазият фаннинг барча далиллари билан боғлиқ ҳолда
кузатилади. Моддий-техника элементисиз улар фақат мушоҳадага асосланган
спекуляцияларнигина ўзида ифодалайди. Ҳатто далил оддий кузатиш йўли
билан аниқланган бўлса ҳам моддий-амалий элемент нолга тенг бўлмайди: у
кузатувчининг ўз сезги органларидан муайян тарзда фойдаланиш кўникмасида
намоён бўлади.
Далилнинг уч таркибий элементи бир-бири билан узвий боғлиқ ва уларни
бир-биридан ажратиш далилнинг бузилишига олиб келади. Ўз-ўзидан
равшанки, далилнинг лингвистик томони унинг моддий-амалий томонига
таъсир кўрсатади. Гапда воқеликнинг муайян фрагменти ҳақидаги