ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТДА ИННОВАЦИЯ ВА НОВАЦИЯЛАР
5.1.Инновация тушунчаси ва унинг таҳлили
5.2.Новацияларнинг ўзига хос хусусиятлари
5.3.Кашфиёт, ихтиро тушунчаларининг инновацион характери
5.1.Инновация тушунчаси ва унинг таҳлили.
«Инновация» сўзи инглиз тилидан келиб чиққан, унинг таржимаси
янгиланиш, ўзгартириш, янгилик киритиш деган маънони билдиради.
Инновация феномени ўзининг эвристик асосига кўра, биринчидан, янгиликка
йўналган, яъни маданият янгиликларини очишга қаратилади, иккинчидан, у
ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида маданиятнинг бугунги кунини ҳам акс
эттиради. Инновация субъектнинг креатив-назарий ва предметли амалий
фаолиятининг маҳсули сифатида ҳам талқин этилади. И.Т.Балабанов
таъкидлашича, “Инновация – янги техника ёки технология, меҳнат ишлаб
чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқарув, шунингдек, назорат, ҳисоб-китоб,
режалаштириш услублари, таҳлил ва бошқаларни ташкил этишнинг янги
шаклларига маблағ киритиш орқали эришилган моддийлашган натижадир”1.
Замонавий адабиётларда инновация жараёнининг уч компоненти
мавжуд. Булардан биринчиси, субъектли, креатив (ижод), амалий (меҳнат)
компонентлар алоҳида ўрганилади. Жумладан, маълум бўладики, ҳозирги
кунда ижод маданиятида меҳнатнинг аҳамияти ортиб, у креатив характер
касб этмоқда, янгиликни объективлашнинг ижтимоий маданий модели
сифатида инновация намоён бўлмоқда. Чунки замонавий ижтимоий-маданий
1 Балабанов И.Т. Инновационный менеджмент – СПб: Питер, 2000 – С. 11.
ижоднинг ўзига хослиги коммуникатив инновациялар билан белгиланади.
Унинг маданиятда кенг қўлланилиши эса ижтимоий-маданий тизимнинг
виртуаллашуви
ва
глобаллашувига
олиб
келади.
Бугун
инновация
техникавий –иқтисодий чегаралардан ўтиб маданиятнинг турли жабҳаларида
ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу ҳолат илмий-ижодий фаолият маҳсули бўлган
фанда ҳам ёрқин намоён бўлмоқда.
Ҳозирда инновацияга илмий-тадқиқот фаолиятининг бош манбаи
сифатида қаралмоқда. Маълумки, инновация мураккаб ижтимоий-маданий
феномен. Инновация ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида маданиятнинг
барча тенденцияларини ўзида мужассамлаштиради. Шунингдек, инновация
янгиликка йўналтирилган феномен сифатида ўзи билан маданият келажагини
белгилаб берадиган эвристик ғояларга асосланади.
Илмий-тадқиқот фаолиятидаги инновацияларга
махсус
тўхталадиган
бўлсак, уларсиз илмий тадқиқотларни тасаввур қилиш мумкин эмас, чунки
улар такрорланмайдиган ҳодисалар сифатида намоён бўлади. Шу маънода,
уларнинг сабаблари етарли даражада аниқланмаган бўлиб, бирор нима учун
эмас, ҳар доим ҳам эмас, катта қисми бўйича ҳам эмас, бирор қонун бўйича
ҳам эмас, фақатгина уларнинг эвристик хусусиятидан келиб чиқиб баҳолаш
мумкин. Шунинг учун ҳам У.Уэвелл: “Олдинги ҳақиқатлар қувилмайди, рад
қилинмайди, балки кенгайтирилади ва ҳар бир фан тарихи – ҳақиқатдан
новацион характерга эгадир”2, деб ёзади. Бироқ Дюгель тахминича, фан бўш
жойда пайдо бўлмаган кўп ҳолларда янги илмий ғоя, албатта, ўз манбасига
эга бўлган, яъни фандаги ҳар бир юксалиш ундаги анъанавий илмий ғоялар
билан бир қаторда янгидан янги инновациялар ва новациялар асосида
босқичма-босқич амалга оширилган. Умуман олганда, инновация билан
илмий-ижодий фаолият асосида қўлга киритилган ютуқларни бироз
ўзгартириш мумкин. Аммо уларни мутлақо рад қилиб ҳам бўлмайди, яъни
турли доирадаги инновация ва новациялар асосида янги гипотезалар пайдо
бўлади. Аммо биз фан ривожида секин ва кетма-кет ўзгаришлар
2 Уэвелл У. История индуктивных наук. –СПб., 1867-1869. Т. 1-3. – 48 с.
бўлганлигини ҳам инкор қилолмаймиз. Дарҳақиқат, кўпгина фан ютуқлари
улардан олдин мавжуд бўлган назария ёки гипотезаларга таянмаган. Бу
жараён айниқса “вақтидан илгари” пайдо бўлган илмий кашфиётларга
тааллуқлидир.
Инновация илмий-тадқиқот фаолиятининг мавжуд шакл ва усулларини
янгилашга, уларни амалга ошириш учун янги мақсад ва воситалар яратишга
қаратилган парадигмал фаолиятдир. У олимнинг бутун салоҳияти
ривожланиши, ҳар қандай, ҳатто кутилмаган ҳолатларга ҳам тайёр туриши,
янги вазиятларга тез мослаша олиши учун ҳам муҳим шарт-шароит яратиб
беради3. Илмий-тадқиқот фаолияти тўғрисидаги замонавий қарашларда
кўпроқ унинг инновацион компонентларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Шунинг учун ҳам ҳозирда ижодий фаолият деганда, инсоннинг янги моддий
ва маънавий қадриятлар яратишга қаратилган ва ижтимоий аҳамиятга
йўналтирилган инновацион фаолият усули тушунилмоқда. Айни шу маънода,
ижоднинг махсус шакли бўлган илмий ижод ҳам ўзига хос инновацион
характерга эга. Унинг асосий вазифаси эса ҳодисаларнинг реал имкониятлари
ва предметларига янгилик киритиш орқали намоён бўлади.
Ҳозирги
даврда
республикамизда
илмий-тадқиқот
фаолиятининг
ривожланиш ҳолати ва ундаги структуравий ўзгаришлар инновацион
фаолият билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, фаннинг ишлаб чиқариш ва
хизмат кўрсатиш соҳаларига янгилик киритишда инновацияларнинг ўрни
беқиёс ҳисобланади. Бу ҳар йил ўтказилаётган инновацион ғоя ва
технологиялар ярмаркасида иштирок этаётган ишланмалар тақдимотида ўз
ифодасини топмоқда. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда фан, техника
тараққиётини таъминлаш мақсадида инновацион муҳитни шакллантириш
ҳамда доимий равишда эвристик фаолиятни рағбатлантириб бориш
муҳимдир.
3 Крючкова С.Е. Инновации и их роль в современном мире (Глава в коллективной монографии:
“Синергетика - нелинейность - глобализм”. - –М.: Изд-во МГТУ “Станкин”, 2007.
Инновация деб янги илмий техник ютуқлардан самарали фойдаланишга
айтилади.
Бу
ҳолатни
илмий-ижодий
фаолиятдаги
муҳитга
мувофиқлаштириш, унинг самарасини ошириш республикамиздаги фан
имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга катта ёрдам беради. Бу жараёнда
асосий эътибор ёш авлоднинг энг рационал фаолиятига қаратилади. Чунки
инновацион ғоялар жамият тараққиёти учун жуда кучли самара беради.
Бундай ғояларни ривожлантиришда новаторликнинг ўрни катта. Чунки айнан
новаторлик асосида илмий-ижодий фаолият олиб боришнинг янги типик
кўринишини шакллантириш мумкин. Бу ҳолат янги ғоя, назария ёки
парадигмада бирор хил янгилик устувор бўлганда содир бўлади. Ўз илмий
янгиликлари асосида новатор шу пайтгача мавжуд бўлган назарияларни
тубдан ўзгартириб юборади ва асосий вазифаси эса бундай янги ғояларни
амалий ҳаётга татбиқ этишдан иборат бўлади. Бунда, у энг аввало, ўз
ихтиролари ёки янги ғояларини амалга ошириш учун барча тўсиқларни енгиб
ўтишга ҳаракат қилади. Иккинчидан, ўзи фанга олиб кирган янгиликлардан
бошқа олимлар ҳам фойдаланишлари учун имкон яратади. Учинчидан,
самарасиз илмий ғоялардан воз кечишга ундайди. Тўртинчидан, инновацион
ғоялар ва шу кунгача мавжуд бўлган конструктив ғоялар билан мутаносиб
ривожланиши мумкинлигига ундайди.
Дастлаб, адабиётларда инновация иқтисодий тадқиқотлар тизимида
ўрганилган. Вақт ўтиши билан инновацион ўзгаришлар жамият ҳаёти
фаолиятининг
ҳамма
соҳаларида
сифат
кўрсаткичларини
баҳолашда
қўлланилади.
Шу
боис
бу
инновациялар
фақатгина
иқтисодиётда
қўлланилиши ҳақидаги фикр нотўғри эканлиги асосланди. Илмий-тадқиқот
фаолиятида инновацияларнинг жорий қилиниши замонавий ютуқлардан
фойдаланишга
кенг
имконият
яратади.
Илмий-тадқиқот
фаолиятига
инновацион ёндашув янги кашфиётлар мазмуни, таркиби ва таснифини
текшириш, натижаларини таҳлил қилиш имконини беради.
Инновацион асосга эга бўлган илмий-тадқиқот фаолиятда олим ўзи тадқиқ
этаётган объектнинг микроструктурасини ўрганиб олиш билан бир қаторда
унга янгилик киритиш билан машғул бўлади. Бу ҳолатда янгилик яратилиши
унинг ижро этилиши билан узвий боғлиқ бўлади. Мазкур жараён фанда
илмий-ижодий фаолиятдаги “Янгилик босқичи” деб аталади. Эвристик асосга
эга бўлган илмий-тадқиқот фаолиятида бирон-бир янги ғоянинг кашф
этилиши вақти алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнда ғоялар
мустаҳкамланиб боради. Натижада эса, бу янги ғояларнинг тарқалиши
тезлашиб, уларнинг янги соҳаларга диффузияланиб (қўшилиб) кетиш
ҳодисаси юз беради. “Бундай фаолиятнинг энг эътиборли жиҳати шундан
иборатки, унда янги самарали ғоя ёки парадигмаларнинг пайдо бўлиши ёки
унинг янада янги самарасига ўрин алмашиши билан якунланади”4.
5.2.Новацияларнинг ўзига хос хусусиятлари.
Илмий-ижодий фаолиятга хос бўлган новациялар назарий ва эмпирик
жиҳатдан янгича сифатли ҳолатга ўтиш, эскириб қолган қоида, вазият ва
аҳамиятларни қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ. Новация илмий-тадқиқот
фаолияти асосида тўпланган тажриба ва янгиликларнинг динамик бирлигини
сақлаган ҳолда, инсоният ҳаётининг турли соҳаларига оид янгиликларни
мақсадли йўналтиришга хизмат қилади. Шунингдек, у ворисийлик
тамойилига риоя қилган ҳолда эркин тарзда янги назарияларни яратишда ҳам
методологик аҳамият касб этади5.
Демак, назарий ва эмпирик янгиликлар йиғиндиси илмий-ижодий
фаолиятдаги инновация ва новацияларнинг яхлитлигини ташкил этади.
Янгилик киритиш ички мантиқ ва йўналишларга эга бўлиб, у янги ғоя
(фикрни) пайдо бўлишидан ундан фойдалана бошланишигача бўлган жараён
ҳам илмий-ижодий фаолият мантиғини белгилаб беради. Шу тариқа илмий-
ижодий фаолиятнинг динамикаси янгилик киритишда такомиллашиб боради.
Чунки новация жараёнининг тузилиши янгиликнинг бир босқичидан иккинчи
4 Теркина А.В. Инновация как социокультурный феномен. Автореф. дис. на соискание уч. ст. канд. фил.
наук. — М., 2006. - 22 с.
5 Черепанова Н. В. Традиции и новации: социально-философский анализ: Автореф. .. . канд. филол. наук. –
М., 2007. - С. 13 - 14.
босқичига ўтишида ўзгариб боради. Бинобарин, илмий-ижодий фаолиятдаги
янгиликлар динамикасида унинг самараси намоён бўлади.
Новация янги илмий ғояда «эскилик» элементи, илгари мавжуд бўлган
бирор нарса борлигини ифодалайди. Шу тариқа янгилик ворисийликка
таянади. Бу янгилик ихтирога тенг, яъни яна ўрнатилган янги ҳақиқат
демакдир. Новацияда, шунингдек, аввалги мавжуд бўлган ғоя ёки
парадигмани янада такомиллаштириб, замонага мослаштирилади. Шундай
қилиб, новация жамият ва табиат ривожланиши қонуниятларини яхлит ҳолда,
тизимлар ранг-баранглигида англаш олдиндан кўра билиш учун зарур асос ва
замин ҳисобланади.
Илмий ижоднинг асосий мақсади ҳам оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг
ривожланиш қонунларини аниқлаш, улардан қайсиларини билиш инсонларга
табиат ва ижтимоий жараёнларни бошқаришда зарурий билимларни эгаллаш,
уларни шахсий эҳтиёжларга мос равишда ўзгартиришга қаратилган.
Бинобарин, илмий-ижодий фаолият одамларнинг табиат ва ижтимоий
муносабатлар устидан ҳукмронлик қилиш, номаълум нарсаларни кашф этиш,
ишлаб чиқарувчи кучларни кўпайтириш, моддий ва маънавий бойликларни
яратишда, эски назария ва амалий тажрибага таянишда намоён бўлади. Шу
нуқтаи назардан, фан ривожидаги илмий-ижодий фаолият, инновацион ва
новацион ёндашувлар катта роль ўйнайди. Зеро, бугунги кунда фан
ривожига, илмий мантиқий операцияларга ғоялар, назариялар, қатъий
мулоҳазалар натижаси сифатида қараш лозим.
Томас Кун фикрича, “Фан ривожи даврий трансформация ва илғор
тасаввурлар алмашиниши орқали рўй беради, яъни мувозанатли равишда
рўй берувчи илмий инқилоблар орқали, эски парадигмаларни янгиларга
алмашиш кабилар ўзида нафақат назариялар, балки фанда ҳаракатланиши
усулларини мужассамлаштиради”. В.Н.Кудрявцев унинг фикрини давом
эттириб, илмий кашфиёт жараёни далил, назарий мулоҳаза ва тахмин
даражасини ўз ичига қамраб олади, кейин эса эксперимент ёки унинг
муҳокамасига эътибор қаратилади6, деб таъкидлайди.
Бизнингча, Т.Кун ва В.Н.Кудрявцев илмий-тадқиқот фаолият натижаси
сифатида намоён бўладиган тасодифий янгиликларга етарли даражада
объектив баҳо бермаганлар, яъни улар илмий инқилобларни чизиқли
тафаккур асосида таҳлил қилган, холос. Ваҳоланки, бугунги илмий инқилоб
асосида катта сакраш – чизиқли тафаккурдан ночизиқли тафаккурга, классик
фандан ноклассик ва постноклассик фанга ўтиш содир бўлди. Бундай
ўзгаришлар натижасида назарий мулоҳаза ва илмий тахминларга бўлган
муносабат ҳам ўзгарди. Чунки шу кунгача назарий мулоҳаза ва тахмин ягона
илмий талабларга бўйсунарди ва ўзига хос илмий мезонларга амал қиларди.
Постноклассик фан маҳсули бўлган синергетикада эса назарий мулоҳаза ва
илмий тахминлар бир неча вариантларда намоён бўлиши эътироф этилади.
Тўғри инновация ёки новация “бирор қизиқ воқеага дуч келсанг, уни тадқиқ
қил, қолганига қўл силта” деган ақидага суяниб қолмай, анъанавий
қарашларнинг турли вариантларига эътибор қаратади. Зеро, инсониятнинг
илмий-ижодий фаолияти ўз моҳияти ва методи бўйича рационал, шунингдек,
ўзининг энг ғаройиб ютуқларини фақат миянинг хавфли кутилмаган
фаолияти орқали ифодалайди, яъни олим инновация ёки новациялар асосида
билимни эвристик селекция қилади ва саралайди. Бу муайян мақсадга
йўналган бўлади. Кейин бу жараён қайта такрорланади ва олимга янги
горизонтларни (уфқларни) кўришга имкон беради. Бунинг натижасида, олим
миясида илғор инновацион ғоялар шакллана бошлайди ва кутилмаганда
кристаллашувга ўхшаш эвристик жараён рўй беради. Демак, инновацион
таъсир воситасида олим мияси муайян вақтда ўзининг янги концепциясининг
асосий белгиларини аниқлайди, математикада бўлгани каби бу кутилмаган
фикр ҳам мақсадли фаолият жараёнида эмас, балки фаолиятга боғлиқ
бўлмаган вақтда ҳам рўй беради, яъни олим мияси кашфиёт билан банд
бўлмаган пайтда содир бўлади. Бу даврда ижодий жараёнга ҳис-туйғулар
6 Кудрявцев В.Н. Свобода научного творчества // Государство и право. -Москва, 2005. -№5. –С.22-28.
аралашади. Бироқ кутилмаган омадли ғоянинг кашф қилиниши ифодаланиши
ижодий жараённинг охири эмас, балки боши ҳисобланади. Чунки олим ўз
ғояларининг тўғрилигини асослаши, оқибатларини аниқлаши, уларни
эксперимент натижалари билан солиштириши, барча эҳтимолий имконларга
жавоб топиши ва ниҳоят ўз кашфиёти чегараларини аниқлаши лозим бўлади.
Албатта, илмий кашфиётларда интуициянинг ролини инкор қилиб
бўлмайди. Шунинг учун ҳам француз олими М.Заар ўзининг “Ижод йўллари”
номли китобида, интуиция ҳис-туйғулар ҳам қодир бўлмаган нарсага
қодирлигини асослаш мақсадида “У нарсалар борлиғини ва уларнинг яширин
қийматини (қадрини) қамрайди, забт этади”7 – деб таъкидлайди. Интуиция
дунёқараш, илмий гипотезага йўл очади. Илмий ижодда тасаввур, фантазия
маълум роль ўйнайди, борлиқдаги мавҳумлик қисмини дарров кўриш мумкин
бўлган тарзда тасвирлайди. Аммо тасаввур ва интуиция ақлий чегарада
қўлланилувчи,
олимларнинг
илмий
кашфиётлар
қилишида
ёрдамчи
воситаларгина бўлиб қолади.
Илмий
тадқиқотнинг
такомиллашувига
таъсир
кўрсатувчи
ночизиқли тафаккур, ижоднинг аттрактор ҳолати, ижодий фаолиятдаги
бифуркацион ўзгариш ҳамда флуктуацион таъсирлар масаласи ҳам
эътибордан четда қолган. Шу нуқтаи назардан, илмий тадқиқотнинг мазкур
жиҳатларига эътибор бериш унинг ҳалигача очилмаган қирраларини излаб
топишга ёрдам беради. Бунинг учун аввало илмий тадқиқотга дахлдор ҳар
бир тадқиқотлардаги қўлланилган усул, восита, техника ва технологияларни
ўринли бирлаштириш, фанлараро узвий уйғун тадқиқотларни тўғри йўлга
қўйиш лозим.
Илмий тадқиқотнинг манбаи бўлган янги назарий билимлар ва
технологиялар ўзаро мувофиқлашган ҳолда илмий-методологик тизимни
юзага келтиради. Шу маънода, ҳар қандай ижодий муҳитда янги билимга эга
бўлиш даражаси чекланган бўлса, унинг фаоллиги паст даражага тушиб
қолишини таъкидлаб ўтишни лозим деб топдик. Бундай илмий саёзлашиш
7 Егоров А.В. Теория познания и проблема интуиция. Автореф. дис….канд филос. наук. –М.: 1973. – 18 с.
илмий
фаолиятдаги
догмалашувни
ёки
бўрттирилган
илмий
фундаментализмни шакллантириш мумкин, яъни эски илмий андазаларга,
меъёрларга мослашиб ундан чиқиб кетолмаслик ҳақиқатни билишдаги
конкрет далил ва воқеликни аниқлашга тўсқинлик қилади. Илмий ижодда
ушбу йўл билан нафақат аниқ бир илмий мақсад тўғри танлаб олинади, балки
унга етишиш учун бир-бирига адекват билимлар ҳам инкор қилинади.
Оқибатда эса, янги билимларга эмас, балки эскилик сарқитларига суяниб
қолиш ҳолатлари кўп учрайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай
муаммоли ҳолатларнинг олдини олишда ноанъанавий ёндашувлардан
самарали фойдаланиш долзарб ҳисобланади.
В.А.Лекторский илмий-тадқиқот фаолияти масаласининг классик ва
ноклассик эпистемология доирасида таҳлил қилиб, инсон билимининг ўсиб
бориши кўпроқ унинг ижодий фаолиятда қўлга киритган янгиликларга
боғлиқ эканлигини асослаб беради8. Бироқ бу фаолиятда фақат янги ғоялар
эмас, балки уларнинг ворисийлик тамойилига мос келадиганлари ҳам
эътиборга олиниши керак. Бу эса ижодий изланишлардаги прагматик
камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. А.Н.Кирюшин
ҳам ижодий фаолият масаласининг когнитив-эволюцион таҳлилига эътибор
қаратиб, у кўпроқ амалий характер касб этадиган ижодий омилларнинг
босқичма-босқич ўзгаришига боғлиқ эканлигини таъкидлайди9.
Илмий-тадқиқот фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйишда
инсоннинг юқори савияси тадқиқот жараёнида тез қарор чиқара олиши, бир
вазиятдан иккинчисига тез кўника олишида намоён бўлади. Шунинг учун
илм-фан, сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий-маданий ҳаётда илмий-ижодий
фаолият аҳамиятининг ошиб бориши инсоннинг илмий салоҳият даражасини
ёрқинроқ акс эттиради. Бу эса инсоннинг ижодий фикрлаш даражаси, руҳий
зўриқишлардан озод бўлишига олиб келади. Маълумки, XX асрда илмий-
ижодий
фаолиятнинг
янги
йўналишлари
вужудга
келди.
Уларнинг
8 Лекторский Д.А. Субъект. Объект. Познание. – М.: Наука, 1980. -280 с.
9 Кирюшин А.Н. Феномен свободы и проблема его концептуализации // Вестник ТГУ. Тамбов: Изд-во ТГУ им
Г.Р. Державина, 2004, Выпуск 2 – с. 74-76.
умумийлиги бир томондан, антропологик хусусиятида; иккинчи томондан –
баъзи ҳолларда илмий бўлмаган қарашлар намоён бўлади.
Илмий тадқиқотда қарама-қарши бўлмаган меъёрий тизимлар ёки
уларнинг қисмлари доирасида фарқланадиган интеллектуал фаолиятнинг
шакллари муҳим роль ўйнайди ва тизимнинг ижодий ривожида турли
аҳамият касб этади, бундан ташқи меъёрий фаолиятнинг ижодий характери
умуман муаммоли бўлиб қолади. Илмий тадқиқотга хос меъёрий
фаолиятнинг ижодий характери кўрилаётган ҳолатда шубҳа уйғотмайди,
чунки бунда моддийликнинг меъёрий инновациялари ҳосил бўлади, яъни
меъёр тадқиқот жараёнида, илмий-тадқиқот жараёнида янги концептуал
элементлар ёки янги ижодий тизимларни ишлаб чиқишига туртки бўлади.
Шаклланган янги илмий ғоя ёки назария доирасида умумий ҳолда фақат
меъёрий фаолият ҳар доим ижодий характер касб этади. Дарҳақиқат,
реалликда исталган меъёрий фаолият бир вақтда ҳам конструктив, ҳам
деструктив бўлиши ҳам мумкин. Деструктивлик илмий-ижодий фаолият
универсаллик ва яхлитликни таъминлайди, шунингдек, ижобий фаолиятнинг
муқобилларига нисбатан негатив танқидий ёндашувни шакллантиради.
Илмий-ижодий фаолиятнинг меъёри ностандарт ижодий хатти-ҳаракат билан
шаклланади.
Илмий-тадқиқотнинг
ўз-ўзини
ташкиллаштирувчи
интеллектуал
тизим сифатида намоён бўлишида инсоннинг билим даражалари ва ижодий
тафаккури
ҳам
методологик
аҳамият
касб
этади.
Дарҳақиқат,
интеллектнинг маънавий ва моддий бўлиниши натижасида илмий ва
кундалик цивилизация уфқида билим шаклланди. Тан олиш керакки,
замонавий дунёдаги ижодий янгиликлар ижодкорларнинг оғир меҳнатлари
туфайли амалга оширилмоқда. Лекин ижтимоий қатламларнинг бўлинишида
илмий тафаккур шакли унга мос илмий бўлмаган билим даражаси ва
тажрибаларга ҳам таянилади. Шу маънода, илмий ва кундалик билим орасига
«хитой девори»ни қўймаслик керак. Бинобарин, муболаға қилиб айтадиган
бўлсак, хатто фил суягидан қилинган минорада яширинган олим ҳам вақти-
вақти билан кундалик билим ҳукмрон бўлган ерга тушиб туриши керак.
Бундан кўринадики, олимнинг онгида билимнинг икки даражаси мавжуд
бўлади. Бу билимлар ўз навбатида илмий-ижодий фаолиятга у ёки бу
даражада ўз таъсирини кўрсатади.
Олим онгида кундалик ва илмий билим ўртасидаги алоқалар фақат
салбий таъсир эмас, балки ижобий таъсир ҳам кўрсатади. Ижодий фаолият
олиб борувчи субъект маълум босқичда бу муаммони ҳал этишга муҳтож
дейиш мумкин, фақат психологик мезонда бу жараён бошқачароқ намоён
бўлади. Ижодий жараённинг лаҳзаси ҳар бир ижодкор инсониятнинг
космосга, ноосферага алоқадорлигини ҳам ҳис этади. Билимнинг қуйи
даражаси
учун
тизимлашмаганлик,
хаотиклик,
рефлексияланмаслик,
қандайдир болаларча ўйноқилик ва жасорат, хос бўлса-да, улар баъзан
тизимлашган, мантиқий асосланган билим шаклланишига муайян даражада
таъсир қилади.
5.3.Кашфиёт, ихтиро тушунчаларининг инновацион характери.
“Кашфиёт”, “ихтиро” тушунчалари инновация билан чамбарчас боғлиқдир.
Бундай боғлиқликнинг асоси сифатида ушбу тушунчалар қатори учун муҳим
бўлган “янги” ва “ижод” тушунчалари чиқади. Ушбу тушунчалар билан
бирга қайд этиладиган барча ҳодисалар у ёки бу даражада ижод маҳсули
ҳисобланади. Зеро, улар креатив жараёнда яратилади, шаклланади ҳамда
уларнинг ажралмас тавсифи янгилик саналади.
Табиий
равишда,
кашфиёт,
ихтиро,
инновация
бир
турдаги
ҳодисалардир. Бироқ уларнинг биринчисида индивидуал-шахсий жиҳат,
охиргисида эса ижтимоий-маданий жиҳат ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
К.Файндлей ва Ч.Ламсденлар кашфиёт ва инновациянинг табиати ҳақида сўз
юритиб, шундай ёзадилар: “Биз аввал бошдан кашфиёт мезонларига
чекловлар қўймаймиз. Бироқ у янгилик талабларига жавоб бериши ва
танловнинг социомаданий ўлчовига мувофиқ бўлиши зарур”10.
Бундан ташқари, ушбу мутахассислар фикрларида давом этган ҳолда:
“Инновация – жамият томонидан муайян даражада тан олинган ҳар қандай
кашфиётдир. Кашфиётни инновация сифатида баҳолаш учун, уни трансляция
қилиш имкони мавжуд бўлиши зарур”11, - деб ёзадилар. Шундай қилиб,
кашфиёт-инновация жуфтлигида кашфиёт индивидуал-шахсий даражада
мутлоқликка яқин бўлган юқори янгилик босқичида амалга ошадиган
креатив жараён маҳсули сифатида, инновация эса, социомаданий даражада
мутлақликка яқин бўлмаса-да, муайян янгилик билан амалга ошадиган
креатив жараён маҳсули тарзида намоён бўлади.
Ушбу ҳодисалар ўзаро алоқадор ва ўзаро таъсирда бўлса-да, ҳар қандай
кашфиёт ҳам инновация бўла олмайди. Е.Н.Князеванинг таъкидлашича, кўп
ҳолларда кашфиёт ўзи учун янгилик сифатида қолади ёки чекланган
трансляция доирасига эга бўлади ва келгуси изланишлар учун зарур бўлган
локал муҳитнигина ўзгартиради12. Бироқ ҳар қандай инновация ҳам янги
кашфиёт бўлавермайди. Масалан, аввал мавжуд нарса, ҳодисаларнинг
такомиллашган модификациясини яратиш бунга мисолдир. И.Т.Балабанов
кашфиёт ва инновацияни қиёсий таҳлил қилган ҳолда, уларнинг ўзаро
фарқларини қуйидагича тавсифлайди:
– “Кашфиёт, шунингдек, ихтиро ҳам қоида тариқасида фундаментал
даражада амалга оширилади. Инновация эса, технологик (амалий) тартибда
яратилади.
– Кашфиёт якка ихтирочи томонидан қилиниши мумкин. Инновация эса,
жамоа (лабораториялар, институт бўлимлари) томонидан ишлаб чиқилади ва
инновацион лойиҳа сифатида амалиётга жорий этилади.
10 Findlay C.S., Lumsden Ch.J. The Creative Mind. Towards an Evolutionary Theory of Discovery and Innovation //
J. of Social and Biological Structures. 1988.Vol. 11. P. 10.
11 Findlay C.S., Lumsden Ch.J. The Creative Mind. Towards an Evolutionary Theory of Discovery and Innovation //
J. of Social and Biological Structures. 1988.Vol. 11. P. 10.
12 Князева Е. Н. От открытия к инновации: синергетический взгляд на судьбы научных открытий//
Эволюция, культура, познание. М., 1996. С. 77.
– Кашфиётдан фойда олиш мақсади кўзланмайди. Инновация эса, доимо
сезиларли даражадаги фойда олиш, хусусан, катта пул маблағларига эга
бўлиш, техника ва технологияга қандайдир янгиликни жорий этган ҳолда
меҳнат
самарадорлигини
ошириш,
ишлаб
чиқариш
тан
нархини
пасайтиришга йўналган бўлади.
– Кашфиёт тасодифан содир бўлиши мумкин, инновация эса, доимо
изланиш натижаси бўлиб, уни қўққисдан ишлаб чиқиб бўлмайди. Инновация
аниқ мақсад ва техник-иқтисодий асосларни тақозо этади”13.
Ихтиро, кашфиёт ва инновация ўртасидаги ўзига хос “оралиқ” ҳолатидир.
Агарда, кашфиёт табиатдаги аввал маълум бўлмаган ҳодисаларни аниқлаш,
инновация бозор талабларига мувофиқ бўлган ижодий фаолият маҳсули
бўлса, ихтиро эса, инсон яратувчанлик фаолиятининг турли техник-
технологик маҳсулотларини ифода этади.
Мазкур тушунча “кашфиёт” тушунчаси билан ўзаро муносабатда
амалий характер, “инновация” тушунчаси билан эса, аксинча, илмий-
тадқиқот характерига эга бўлади. Г. А. Краюхин ва Л. Ф. Шайбаковалар бу
борада шундай ёзадилар: “ кашфиёт тушунчаси илмий-тадқиқот фаолияти
билан узвий боғлиқ, инновация тушунчаси эса илмий тадқиқотлар
натижаларини амалда қўллаш босқичида пайдо бўлади. Бу эса махсулотлар
ва
ишлаб
чиқариш
жараёнларининг
ўзидаги
ўзгаришлар
билан
белгиланади”14.
Илмий-ижодий фаолиятнинг самарали маҳсули кашфиётдир. Илмий
изланиш жараёнида моддий дунёнинг илгари номаълум бўлган объектив
қонуният, хосса ва ҳодисаларни очишга кашфиёт дейилади. Шунинг учун
ҳам А.Т.Шумилин “Илмий ижод бу кашфиёт ва ихтиро қилишдан иборат
мураккаб жараёндир”15,-деб ёзади. Дарҳақиқат, кашфиёт деганда борлиқдаги
ҳалигача номаълум бўлган нарсани субъект томонидан билишга айтилади.
13 Балабанов И. Т. Инновационный менеджмент. – СПб.: Питер, 2000 – С.12.
14 Краюхин Г.А., Шайбакова Л.Ф. Инновации, инновационные процессы и методы их стимулирования:
сущность и содержание. - СПб., 1995 - С. 12.
15 Қаранг: Шумилин А.Т. Проблемы теории творчества: Моногр. – М.: Высш. шк., 1989. – 143 с.
Айни шу маънода, ижодий изланиш жараёнида муайян кашфиётлар юз
беради. Уларнинг орасида энг муҳими илмий кашфиётдир. Мазкур илмий-
ижодий фаолиятнинг намоён бўлишини ўрганувчи соҳа эвристика деб
аталади. Дарҳақиқат, илмий-ижодий фаолият асосида тадқиқотчи муайян
кашфиёт очиши мумкин. Агар топилган янги ғоя муаллиф томонидан илмий
асослаб берилса, у кашфиётга айланади.
Кашфиёт илмий фаолиятнинг энг юқори даражадаги намоён бўлиш
шаклидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, кашфиёт ўз объектлари уч хил
шаклда намоён бўлади. Буларнинг биринчиси қурилма бўйича кашфиётлар
бўлиб, унга маълум конструкция воситалари, қурилмаларнинг узел ва
деталлари, уларнинг жойлашиши ва ўлчамларига тегишли янгиликлар
киради. Иккинчиси эса усул бўйича кашфиётлар бўлиб, унга технологик
жараёнлар, воситалар, ечимлар ва параметрлар тааллуқлидир. Учинчиси эса
ишлаб чиқаришга қўллаш бўйича кашфиётлар бўлиб, унга маълум бир
предметни бошқа жойда бошқа мақсадда ишлатиш бўйича таклифлар киради.
Илмий тадқиқот фаолиятида “яратиш”, “кашфиёт” ва “ихтиро” кабилар
муҳим методологик аҳамият касб этади. Бунда яратиш ижодий субъект
томонидан ижод натижасини вужудга келтиришни англатади. Ихтиро –
субъект томонидан нарса, ҳодиса, жараёнларнинг объектив ҳолатига ўзига
хос тарзда сезиларли ўзгартиришлар киритишдир. Назария яратиш учун
тажриба асосида қўлга киритилган далиларни шунчаки жамлашнинг ўзи
камлик қилади. Бунинг учун ҳар доим муаммонинг моҳиятига қаратилган
ихтирочилик лаёқати зарур бўлади. Аксарият ихтиролар саноат ишлаб
чиқариши ёки кундалик маиший турмуш талабларидан келиб чиққан ҳолда
яратилади. Айни шу маънода одамлар эҳтиёжини қаноатлантиришнинг
имкон қадар тежамкор йўлларини топган инсонни ихтирочи деб аташ
мумкин. Кашфиёт эса-кашфиётчидан мустақил равишда мавжуд бўлган
нарса, ҳодисанинг субъект томонидан англаб етилишидир.
Илмий- тадқиқот жараёнида кашфиётни очиш бу бажарилган илмий
ишнинг ичида энг тараққий этган, ўзида янгиликни сақлаган, ижобий
томонларга эга бўлган ва бошқалардан жиддий фарқ қилган унсурни
ажратиш демакдир. Илмий тадқиқот жараёнида одатда кашфиёт илмий
ишнинг ичида беркиниб ётади, муаллиф уни оча билиши керак бўлади.
Кашфиётни очиш берилган объектлар гуруҳидаги умумий, фойдали ва янги
томонларни топиш ва унинг бошқа кашфиётлардан фарқини аниқлаб,
ижобий томонларини кўрсатиб бериш илмий-ижодий фаолиятнинг негизини
ташкил қилади.
И.Саифназаров, Г.В.Никитченко ва Б.У.Қосимовларнинг фикрича, “Илмий
кашфиёт илмий ижоднинг муҳим жиҳати бўлиб, у илмий тадқиқот объекти
ҳақида янги сифатли ахборот олиш, янги қонунлар, гипотезалар ва
назарияларни аниқлаш, фаннинг янги соҳалари ҳақида маълумотлар олишда
намоён бўлади”16. Ўзларининг мазкур ёндашувлари орқали муаллифлар
илмий кашфиётни ижоднинг фандаги олий ифодаси эканлигига алоҳида
эътибор қаратадилар. Шу нуқтаи назардан, ҳар қандай илмий ютуқ ёки
кашфиёт нафақат муайян предмет мазмунига, балки методологик жиҳатга
ҳам эгадир. Илмий-ижодий фаолиятда қизиқарли ва муҳим далилларнинг
янги манбаларини топиш, кашф этиш – олим ижодий тафаккурининг ёрқин
кўриниши бўлиб, илмий кашфиёт унинг чўққисини ташкил этади.
Фаннинг кўп асрлик тарихи кашфиётлар билан узвийликка эга. Илмий
кашфиётлар олимларнинг далилларни тизимга солиш ва таснифлаш
борасидаги фидокорона меҳнати натижасида юзага келади. Дарҳақиқат,
“Олимлик оғир меҳнат натижасидир. ...оллоҳ берган ижодкорлик... бир фоиз
бўлса, қолган тўқсон тўққиз фоизи ижод ва машаққатли меҳнат натижасида
амалга ошади. Олимлик хислати кечаю-кундуз ўйловлар натижаси. Олимлик
бу синчковликлар оқибати”17. Илмий кашфиёт сари йўл муаммоли вазиятни
аниқлашдан бошланади, уни таърифлашдан ўтади ва бу вазиятнинг ечимини
топиш билан якунланади. Илмий-ижодий фаолият, бирон-бир кашфиёт
амалда қўлланилиши натижасида, илмий билишнинг тегишли соҳаси жадал
16 Қаранг: Саифназаров И., Никитченко Г.В., Қосимов Б.У. Илмий ижод методологияси. Ўқув қўлланмаси –
Тошкент: Янги аср авлоди, 2004.
17 Давронов З. Баркамолликка даъват мактублари. – Тошкент: Iqtisod-moliya, 2011 – Б.116.
суръатларда ривожлана бошлашини, техниканинг ривожланиши фанда
инқилоб ясашини кўрсатади. Бундай инқилобларнинг энг каттаси XIX асрга
тўғри келади. Шунинг учун ҳам П.Сорокин “Фақат биргина XIX асрдаги
кашфиёт ва янгиликларнинг ўзи олдинги асрлардаги кашфиётларнинг
ҳаммасини жамлагандан ҳам кўпдир”18, - деб ёзади. Хусусан, бу асрда 8527
та кашфиёт амалга оширилган19. Шу ўринда интернет сўровнома
натижасини тақдим этиш мумкин.
Дунёнинг энг машҳур кашфиётлари қуйидагилар:
1. 1869 йилда Дмитрий Иванович Менделеев томонидан кашф
қилинган “Кимёвий элементларнинг даврий системаси” ( бу ғоя унинг
тушига кирган).
2. Эрамиздан аввалги 1550 йилда темирни эритиш технологияси;
3. Транзистор (1948 йилда америкалик олимлар Уильям Шокли,
Дж.Бардин ва Уолтер Браттей томонидан кашф қилинган);
4. Шиша (эрамиздан аввалги 2200 йилда марказий Ўрта ер денгизи
бўйларида кашф қилинган);
5. Микроскоп (ХYII аср голландиялик табиатшунос олим Антони ван
Левенгук томонилан кашф қилинган; лупа билан кифояланмасдан у битни
ўрганиш учун ускуна яратади ва сўнг сувни ўрганиб даҳшатга тушади, ва
бир умр чой ва вино ичган);
6. Цементнинг кашф қилиниши ва ундан XVIII асрда қурилиш
ишларида фойдаланиш бошланиши инқилобий ҳодиса бўлган.
7. Пўлат эрамиздан аввалги 300 йил илгари Ҳиндистонда кашф
қилинган(пўлат пушкалар, ўқ ёй).
8. Мис ишлаб чиқариш - эрамиздан аввалги 3 минг йил илгари кашф
қилинган. (Дастлаб у мис конларини топиш орқали, сўнгра 5 минг йил илгари
Кичик Осиёда уни минераллардан олишни ўрганган.
18 Сорокин П. А. Человек. Цивилизация. Общество. Мыслители XX века. Общ. ред. Согомонова А. Ю. Пер. с
англ. – М.: Политиздат, 1992. - 542с..
19 Сорокин П. А. Человек. Цивилизация. Общество. Мыслители XX века. Общ. ред. Согомонова А. Ю. Пер. с
англ. – М.: Политиздат, 1992. – 542 с.
9. Рентген нурларининг кристаллар билан дифракцияси (1912 йилда
Макс фон Лауе томонидан кашф қилинган ва бу ядро физикасининг
ривожланишидаги муҳим қадам бўлди);
10. Пўлат ва чўян эритиш учун мўлжалланган конвентор XIX асрда
инглиз мухандиси Генри Бессемер (1813-1898) томонидан кашф қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, илмий кашфиёт пайтида ва янги
билимлар олишда эмоцияларнинг роли каттадир. Чунки олимлар ўз илмий-
ижодий изланишлари ҳақида баҳс юритган пайтда янги топган далиллари
ҳақида ҳаяжон билан мулоҳаза қилади, суюнади, ҳайратланади, қўрқади,
эзилади, изтироб чекади ва мунгли ҳолатга тушади , бошқаларга ҳиммат
кўрсатади ёки хуноб бўлади, лоқайд бўлади20. Яхши ёки ёмон кайфиятда
бўлади, ижод «тўлғоқлари» билан қийналади. Бу ва бунга ўхшаган бошқа
баҳолаш, қадрлаш ҳолатлари илмий фаолиятнинг конкрет таркибини акс
эттиради. Булардан маълум бўладики, илмий-ижодий фаолиятнинг намоён
бўлиш шакллари ўз мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифасига кўра
фарқланади.
Ихтиро муайян кашфиёт доирасида содир бўлиб инновация даражасигача
ўсиб чиқиши мумкин. “Инновация” тушунчасининг мазмунини янада
теранроқ англаш учун уни “ўзгариш” тушунчаси билан ҳам қиёсий таҳлил
қилиш
мақсадга
мувофиқ.
Шу
ўринда,
Й.Шумпетер
томонидан
инновациянинг мазмунини ўзгаришлар орқали аниқлаш анъанаси жорий
этилгани ва замонавий илмий адабиётларда бундай талқин тез-тез учраб
туришини таъкидлаш жоиз.
Хусусан, инновацион муаммонинг машҳур тадқиқотчиси Ла Пьерре
инновацияни дастлабки ҳолатнинг янги ҳолатга ўтиши воситасида хўжалик
организми ички структурасидаги ҳар қандай ўзгариш сифатида талқин
этган21.
20 Кудрявцева В.Т. Формирование творческих способностей человека: проблемы методологии //
Современные проблемы теории творчества. - М., 1992. - С. 41-55.
21 Қаранг: La Pierre R. T. Social Change – New York, 1965.
Инновациянинг турли таърифларининг таҳлилига таянган ҳолда
С.Д.Ильенкова “инновациянинг ўзига хос мазмунини ҳамда инновацион
фаолиятнинг асосий функциясини ўзгаришлар ташкил этади”22, - деб ёзади.
Бу ерда биз инновациянинг ўзгаришлар билан боғлиқлиги тўғрисидаги
таърифнинг унчалик тўғри эмаслиги позициясини қўллаб-қувватлаймиз.
Зеро, агарда инновация фақат сифат жиҳатдан ижобий, бошқариладиган,
онгли, маҳсулли ўзгаришлар маъносида талқин этилса, у ҳолда “ўзгариш”
тушунчаси шу турда бўлган янада кенгроқ спектрдаги ҳодисаларни
англатиши мумкин. Уларни ҳам биз ўзгаришлар деб аташимиз мумкин,
бироқ инновация деб эмас. Шу маънода, ўзгариш инновацияга нисбатан
ўзаро таққослаб бўлмайдиган тушунча экани маълум бўлади.
Айни
пайтда,
инновация
ва
инновацион
фаолиятнинг
асосий
функцияларидан бири – ўзгаришлар эканини ҳам эътибордан четда қолдириб
бўлмайди. Бироқ бу ҳолатда ҳам ўзгаришлар деганда, биринчидан, ижобий
ўзгаришлар назарда тутилиши зарур. Бу борада Б.Санто: “инновация – бу,
ташкиллашувнинг
моддий
ва
номоддий
элементларининг
мақсадга
йўналтирилган ҳар қандай ижобий ўзгаришларидир, яъни бундай ўзгариш
ривожланиш ва ташкиллашувнинг ўсишига хизмат қилади”23, - деб ёзади.
Иккинчидан, ўзгаришлар инновациянинг ўзига эмас, балки унинг атрибутив
сифатларига хос бўлиши зарур. Шу ўринда, И.Бестужев-Ладанинг:
“янгиликни жорий этиш – бу, бошқарув қарорининг шундай шаклики, у
муайян жараён, ҳодисанинг (техник, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий)
сезиларли даражада ўзгаришини англатади”24.
Шунинг билан бирга, инновация киритадиган бевосита ўзгариш ва
оқибатда пайдо бўладиган, яъни илк ҳолатдан келтириб чиқариладиган ва
инновация қўлланилаётган соҳага тааллуқли бўлмаслиги ва доим ҳам ижобий
характер касб этмаслиги мумкин бўлган ўзгаришларни фарқлаш зарур.
22 Инновационный менеджмент/ С. Д. Ильенкова, Л. М. Голхберг, С. Ю. Ягудин и др.; Под ред. С. Д.
Ильенковой – М.: Банки и биржи, Юнити, 1997 – С. 7.
23 Санто Б. Инновации как средство экономического развития: Пер. с венг. – М.: 1990 – С.100.
24 Бестужев-Лада И. В. Прогнозное обоснование социальных нововведений. – М.: 1993 – С. 18.