Оғзаки тарих методи ва унинг шаклланиши
Оғзаки тарих (Oral history) – XX аср ўрталаридан бошлаб шаклланиб
келаётган ёш илмий фан соҳаларидан бири бўлишига қарамай, унинг асослари
узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ушбу ёш илмий йўналишни таърифлашда бир
қатор мунозарали саволларга дуч келиш мумкин. Жумладан, оғзаки тарихни
мустақил фан сифатида намоён бўлишига аниқлик киритилмаган: кимдир
оғзаки тарихни турли кўринишлардаги оғзаки маълумотлар сифатида қабул
қилса, яна кимдир уни тарихий тадқиқотларнинг янги методи сифатида тан
олади, айримлар эса уни тарихий тадқиқотлардаги янги йўналиш ёки мустақил
фан сифатида кўришади. Қолаверса, унинг ўрганиш предметини аниқ
кўрсатиш мураккаблигидадир.
Маълумотларни оғзаки тарзда етказиш анъанаси шубҳасиз инсондан-
инсонга, авлоддан-авлодга маълумотларни етказишнинг энг қадимги шакли
ҳисобланади. Оғзаки манба тадқиқотчилик амалиётида қўлланилган дастлабки
тарихий манба бўлган. Тарихий воқеалар шоҳидларининг гувоҳликларини
амалиётда қадимги юнон ва рим тарихчилари: Геродот, Фукидид, Плиний,
Тацит ва бошқалар, шунингдек, Бухоро тарихи бўйича муҳим манба бўлган
“Тарихи Бухоро” асари муаллифи Абу Бакр Муҳаммад Наршахий ҳам ўз
ишларида самарали қўллашган. Аммо кейинчалик, яъни, ёзувнинг ва ёзма
манбаларнинг вужудга келиши, китоб чоп этилиши ва архивларнинг пайдо
бўлиши билан маълумотларни оғзаки тарзда етказиш анъанасининг аҳамияти
йўқолиб, оғзаки манбалар иккинчи даражага ўтиб кетди, айрим ҳолларда
умуман инобатга олинмади.
Ҳозирда оғзаки тарих – тарихий тадқиқотлар ичида янги йўналишлардан
бири бўлиб, бугунги кунда бир қатор хорижий давлатларда мазкур услубдан
кенг фойдаланилган ҳолда, турли замонавий йўналишлар бўлмиш локал тарих
(local history), ижтимоий тарих (social history), оила тарихи (family history),
кичик шаҳарлар тарихи, кундалик ҳаёт тарихи (daily history) каби
йўналишларда тарихий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Оғзаки тарихнинг шаклланиши ва ривожланишига бир қанча омиллар
сабаб бўлган. Жумладан, тарих фанлари соҳасидаги ўзгаришлар, янги ахборот
технологияларни ривожланиши, маълумотларнинг етказиш ва сақлаш
усулларининг ўзгариши ҳамда ривожланиши шулар жумласидандир.
Шу
билан
бирга,
ёзма
манбаларнинг
барчасини
ишончлилик
даражасининг юқори эмаслиги уларни оғзаки тарих услуби ёрдамида
тўпланган манбалар билан қиёсий таҳлил қилишга туртки бўлди. Қолаверса,
“XIX – XX аср жамоат арбоблари ўз фаолиятлари давомида катта миқдорда
хизмат ва шахсий ёзишмаларни олиб борган бўлсалар, бугунги кундаги давлат
ва жамоат арбоблари асосан телефондан фойдаланишади. Бу эса ёзишмаларни
қисқа ёзилишига сабаб бўлмоқда, натижада ёзма манбаларда маълум бир
тарихий жараённи очиб беришда узилишлар вужудга келади”. Мана шундай
ҳолатларни
олдини
олиш
мақсади
ҳам,
оғзаки
тарих
услубининг
ривожланишига таъсир этган омиллардан ҳисобланади. Шу мақсадда Лондон
иқтисодиёт мактабида 1980 йил сиёсат ва маъмурият тарихини ёритувчи
Британ оғзаки архиви ташкил этилди.
Оғзаки гувоҳликлар асосида йиғилган маълумотларни тарихни ёзишда
қўллаш қадимги ва ўрта асрларга бориб тақалсада, унинг мустақил йўналиш
ва манбаларни йиғиш ҳамда сақлаш технологияси сифатида АҚШ ва Ғарбий
Европада Иккинчи жаҳон урушидан сўнг юзага келди. Нью-Мексика
университети тадқиқотчиси бўлган америкалик Д. Дунавэй АҚШ ва Ғарбий
Европа мамлакатларида оғзаки тарихнинг шаклланиш ва ривожланишини тўрт
босқичга бўлади:
Биринчи босқич, XX аср 50-60-йилларига тўғри келиб, у кўзга кўринган
давлат ва жамоат арбобларининг биографиясини тузиш мақсадида оғзаки
маълумотларни тўплаш билан характерланади.
Иккинчи босқич, XX аср 60-70-йиллар ўрталарини ўз ичига олиб, бу
даврда муқобил тарихни ҳамда ёзувга эга бўлмаган халқларнинг тарихини
яратиш, жамиятнинг қуйи қатламларини тадқиқ қилиш кенг ўрин олади.
Учинчи босқич, XX асрнинг 70-йилларининг ўрталари – 90-йилларнинг
бошларига тўғри келиб, айни шу пайт оғзаки тарих янги йўналиш сифатида
юзага чиқади.
Тўртинчи босқич, XX асрнинг 90-йилларидан бошланиб то бугунги
кунгача давом этиб келмоқда ва у техника воситаларининг рақамли инқилоби
билан бевосита боғлиқдир.
Айрим тадқиқотчилар эса, XX асрнинг иккинчи ярми “оғзаки тарих”ни
тарихий фанларнинг мустақил тармоғи сифатида шаклланган даври сифатида
баҳолашади. Ҳатто, айрим тарихчилар бу даврни “оғзаки тарих”нинг “қайта
туғилиш” ёки “ренессанс” даври сифатида қарашади. Уни шаклланишида
қатор сабаб, шароит ва омиллар ичида учта энг муҳимини ажратиб
кўрсатишади:
Биринчиси, аудио ва визуал маълумотларни ёзиб олиш ҳамда
сақлашнинг пайдо бўлиши ва такомиллашуви. Зеро, XIX‒XX асрлар
чегарасида фонографларнинг пайдо бўлиши, XX аср иккинчи ярмидан
магнитафонларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши, XX аср сўнггида рақамли
аудио ва видео техниканинг оммалашуви оғзаки гувоҳликларни ёзиб олишни
ишончлилик даражасини ортириб, барча тадқиқотчилар фойдаланишларига
имконият яратиб берди. Шу билан бирга авваллари оғзаки маълумотларни
қўлда қайд этиб борган тадқиқотчиларга бўлган ишончсизлик муаммоси ҳал
этилди.
Иккинчидан, гносеологик сабаб бўлиб, бу XX аср ўрталарида юзага
келган позитив тарих инқирози ва XX аср иккинчи ярмида юзага келган ўзига
хос фанлараро инқилоблар (лингвистик, социологик, антрапологик ва бошқ.)
билан боғлиқ бўлиб, булар ўз навбатида тарихий тадқиқотларнинг предмети,
методлари, тамойиллари, методологияси ва манбаларини қайта кўриб чиқишга
олиб келган. Эндиликда академик фанларнинг нуқтаи назари авваллари инкор
этилган
ўтмиш
ҳаётнинг
намоён
бўлишига
қаратилди.
Жумладан,
одамларнинг ҳаёт тарзи, уларнинг ахлоқи, ўхшашлиги, мансублиги,
тасаввурлари, воқеликни баҳолаши, миш-мишлар, кундалик ҳаёт ва бошқалар.
Ўз навбатида тадқиқотлар майдонининг кенгайиши ва мураккаблашуви
фанлараро алоқани кучайишига, шу жумладан, тарих фанини бошқа
ижтимоий-гуманитар
фанлар
билан
алоқасини
кучайтириб
юборди.
Фанлараро тадқиқотлар технологияларининг ўзаро тўқнашуви ёки ушбу
фанларнинг
тадқиқот
методларининг
ўзлаштируви
натижасида
янги
субдисциплиналар ёки тарихий тадқиқот йўналишлари вужудга келди. Зеро,
Оғзаки
тарих,
тарих
фанининг
социология,
лингвистика,
маданий
антропология фанлари билан аралашуви натижасидир.
Учинчидан, тарихий тадқиқотларнинг манбавий асосидаги ўзига хос
муаммолар ҳам оғзаки тарихни шаклланишидаги омиллардан саналади. Бир
неча юз йилликлар давомида шаклланиб келган объектив ва субъектив
сабаблар туфайли давлат архив сақловлари тарихчиларнинг янги сўровларига
тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Бу биринчидан, уларда асосан давлат
ҳаётини, иш юритувчи ҳужжатларни, давлат функцияларини, катта ижтимоий
гуруҳ ва иқтисодий ривожланишлар ҳақидаги статистик маълумотларни
сақловчи расмий манбалар билан бойитилган. Уларда тарихий ҳаётни тўлиқ
тиклаш учун зарур бўлган “инсон омили” билан боғлиқ материаллар йўқ.
Иккинчидан, совет архивлари тоталитаризм, волюнтаризм, партиявий-ғоявий
цензура
шароитида
қаттиқ
назорат
қилинган.
Кўплаб
мавзуларда
“бўшлиқлар”, “оқ доғлар” пайдо бўлди. Натижада ҳатто оммавий тарихий
ҳодиса бўлган қулоқлаштириш ва репрессияга оид ҳужжатлар ҳам тарихий
таҳлил қилишга яроқсиз бўлиб қолди. Уларнинг кўпчилиги ягона қолипда
ёзилган бўлиб, фақатгина исм, фамилия, сана ва туғилган жойлари билан
фарқланади. Шу ва бошқа бир қатор сабаблар оғзаки тарихни дастлаб тарихий
ўтмишни ўрганишда янгича ёндашув сифатида, кейинроқ эса мустақил фан
сифатида вужудга келишига сабаб бўлган.
Оғзаки тарих методи билан танишиш жараёнида бу услубнинг мустақил
илмий йўналишига айланишига нима сабаб бўлди, деган табиий савол
туғилиши мумкин. Бунга жавобан айтиш мумкинки, “XX асрга келиб маълум
бир танаффусдан сўнг оғзаки манбаларга тарихий билимларнинг муҳим бир
бўғини сифатида қарай бошланди. Бу ўз навбатида қатор сабаблар билан
изоҳланади: биринчидан, XX аср – бу тарихни шахслар эмас, балки, омма
яратишини англаш даври бўлди. Иккинчидан, “яқин ўтмиш”ни ўрганиш билан
боғлиқ муаммолар фаол ўрганила бошланди. Буларнинг барчаси оғзаки
тарихни қайта жонланишига ва ўзининг вазифалари, усуллари ва
имкониятлари билан мустақил илмий йўналишга айланишига олиб келди”.
Оғзаки тарих атамаси 1852 йил Барбэд’Оревилли томонидан илк бор
қўлланилган бўлсада, оғзаки тарих усулини янги техник воситалар асосида
қулланилиш тарихига назар соладиган бўлсак, кўпчилик тарихчилар оғзаки
тарихни фан сифатида вужудга келишини Колумбия университетида фаолият
юритган ҳамда “оғзаки тарих” атамасини илмий муомалага олиб кирган Аллан
Невинснинг тарихий аҳамиятга эга бўлган хотираларни йиғишга асосланган
иши билан боғлиқ деб билишади.
XX асрнинг 30-йиллариданоқ оғзаки тарихга оид ишларни кўришимиз
мумкин. Жумладан, “чикаголик журналист тарихчи Стадс Теркел 1930 йил
Американинг жанубида ёшлик даврида қулликни кўрган гувоҳлардан
интервью тўплаганини” адабиётларда қайд этган.
“Оғзаки тарих” концепцияларини яратилиши 1940 йилларда АҚШда
америкалик журналист Жосеф Гулд (Joseph Ferdinand Gould) нинг фаолияти
билан боғлиқ бўлиб, унинг “Бизнинг давримизнинг оғзаки тарихи” асари
бутунлигича турли одамларнинг ҳикоя ва кўрсатмаларидан иборат бўлган.
1948 йил Колумбия университети қошида оғзаки тарих маркази очилади.
Сал кейинроқ яъни 1967 йил АҚШ “оғзаки тарих” ассоцацияси ташкил этилди,
икки йил ўтгач шу каби ташкилот Буюк Британияда ўз фаолиятини бошлади.
1971 йил Лондонда “Oral history” журнали чиқа бошлади, бу ўз навбатида
“оғзаки тарих”нинг кенг оммалашганидан далолат берарди. Бунда англиялик