Ўрта Осиёда миллий ҳудудий чегараланиш: мақсад ва моҳияти. Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши
Yuklangan vaqt
2024-03-31
Yuklab olishlar soni
3
Sahifalar soni
16
Faytl hajmi
47,2 KB
Ўрта Осиёда миллий ҳудудий чегараланиш: мақсад ва моҳияти.
Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши
15.1 Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши арафасидаги
тарихий шарт-шароит.
15.2 Миллий-ҳудудий чегараланиш масаласининг тегишли ташкилотларда
муҳокама этилиши.
15.3 Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши, ҳудудий бўлиниши ва
бошқарув тизими.
15.1 Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши
арафасидаги тарихий шарт-шароит.
Туркистон қадимдан минтақа халқларининг ягона ва умумий ватани
бўлган. Туркистон, Бухоро, Хоразм республикаларининг туб халқлари асрлар
давомида турмуш тарзи ва анъаналари жиҳатидан бир-бирларига жуда яқин
бўлиб кетган эдилар. Бухоро ва Хоразм республикалари 1924 йил охиригача
мустақил давлат эди. Туркистон минтақаси ягона ҳудуд, тарихий замин, ўз
хўжалиги, анъаналари, дини, тили ва маданиятининг муштараклиги билан
ажралиб турган. Туркистондаги давлатларнинг ҳар бирида юз йиллар
давомида туркий халқлар: ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз халқлари,
шунингдек, тожик халқи азалдан яшаганлиги тарихан таркиб топган ҳодиса
эди. Ўлка халқлари Туркистон тупроғини қадимдан ўзларининг асл ватанлари
деб билганлар. Минтақа халқлари ягона ва бир деган ғоя (туркистонлик)
авлоддан-авлодга ўтиб, XX аср 20-йилларида Туркистондаги миллий зиёлилар
ва миллат етакчиларининг ижтимоий-сиёсий қарашлари ҳамда амалий
фаолиятларида акс этган.
Мустабид совет режими ва большевиклар учун Туркистон минтақасини
бўлиб ташлаб, уни идора қилиш қулай эди. Шунинг учун ҳам дастлаб
Туркистон ўлкасига совет “автономияси” берилди, яъни Россия Совет
Федерацияси таркибида 1918 йил 30 апрелда Туркистон Автоном Совет
Социалистик Республикаси ташкил топди. Бу пайтда Бухоро амирлиги ва Хива
хонлиги (1920 йилдан бошлаб Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм
Халқ Совет Республикаси) мустақил давлатлар эди. Сўнгра большевиклар
томонидан Туркистон минтақасини парчалаб ташлаш учун жиддий
тайёргарлик кўрилди. Бу жараён айрим узилишлар билан 7 йил давом этди.
Россияда фуқаролар уруши ва чет эл ҳарбий интервенциясига қарши
кураш йилларида (1918-1922 йиллар) Россия империясининг собиқ ҳудудида
мустақил давлатлар (Польша, Финляндия), мустақил миллий республикалар
(Литва, Латвия, Эстония, Украина, Озарбайжон, Грузия, Арманистон), совет
республикалари (Белорусия ССР ва б.), мухториятли ҳукуматлар (Туркистон
Мухторияти, Алаш Орда, Бошқирдистон Мухторияти ва б.) ташкил топди.
Бундан ташқари, РСФСР таркибида турли автоном совет республикалари
(Туркистон АССР, Қирғизистон АССР (аслида Қозоғистон АССР) ва б.) бор
эди. Шунингдек, Россия империяси ва кейинчалик совет Россиясининг
бевосита ҳудудий таркибига кирмаган бўлса ҳам унинг таъсири ва назоратида
мавжуд бўлиб турган Туркистон минтақасидаги миллий давлатлар (Бухоро
амирлиги, Хива хонлиги; 1920 йилда уларнинг ўрнида ташкил қилинган
Хоразм Халқ Совет Республикаси, Бухоро Халқ Совет Республикаси)
мавжудлиги бу даврдаги реал ҳодиса эди.
Юқорида номлари тилга олинган давлатлар ва республикалар билан
совет Россияси ўртасидаги муносабатлар мураккаб характерда бўлган. Совет
ҳукуматининг дастлаб эълон қилган расмий ҳужжатларидан бири – “Россия
халқлари ҳуқуқлари Декларацияси” (1917 йил 2 ноябрда қабул қилинган) янги
ташкил қилинган совет Россияси Халқ Комиссарлари Совети ўз фаолиятида
“Россия халқларининг ўз тақдирларини ўзлари эркинлик билан белгилашлари,
ҳаттоки ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқини” асос қилиб
олганликлари тантанавор равишда эълон қилинган бўлса-да, аслини олганда
большевиклар Польша ва Финляндиядан бошқа халқлар (Украина, Кавказ,
Туркистон, Болтиқбўйи ва б.)га мустақиллик беришни хоҳламаганлар.
Маълумки, совет режими томонидан Туркистон минтақасида фаолият
кўрсатган Туркистон Мухторияти ҳукумати 1918 йил февралда, Алаш-Орда
Мухтор ҳукумати 1920 йил мартда, Бошқирдистон Мухторияти ҳукумати
1920 йил июнда тугатилди. Бундан ташқари 1920-1921 йилларда Украина,
Озарбойжон, Грузия, Арманистон каби мустақил миллий республикалар
тугатилиб, уларнинг ўрнида совет республикалари ташкил қилинди. Доғистон
ва Чеченистонда фаолият кўрсатган Шимолий Кавказ амирлиги, Тоғли
Республика (русча ҳужжатларда Горская Республика) ҳам 1920 йилларда
большевикларнинг ҳарбий кучлари томонидан ағдариб ташланди. Фақат
Болтиқбўйида фаолият кўрсатаётган мустақил “буржуа Литва, Латвия,
Эстония давлатлари” 1940 йилгача ўз мустақилликларини сақлаб қолишга
муваффақ бўлдилар.
1922 йил 30 декабрда Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи
(СССР) ташкил топди. Совет давридаги тарихий адабиётларда, хусусан, XX
аср 50 – 80-йилларида яратилган тадқиқотларда келтирилган фикрларга
қарама-қарши ўлароқ шуни таъкидлаш лозимки, янги совет давлати –
СССРнинг асосчиси ва ғоявий ташкилотчиси В.И.Ленин бўлмай, балки бу
давлат И.В.Сталин ғоялари асосида ҳамда бевосита унинг раҳбарлигида
ташкил қилинган (СССРда дастлаб тўрт республика: РСФСР, Украина ССР,
Белоруссия ССР ва ЗСФСР кирган.) СССРнинг ташкил қилиниши билан
Туркистон ўлкасининг тақдири узил-кесил ҳал қилинди.
1920 йил бошларида Туркистон комиссияси Туркистон АССРни миллий
тил белгисига қараб бўлиб ташлаш масаласини қўйган эди. Туркистон
комиссиясининг бу тезисларига қарши чиққан Т. Рисқулов, Н. Хўжаев ва
бошқа
миллий
етакчилар
”пантуркизм”,
“панисломизм”,
“буржуа
миллатчилиги” ва “ўнг оғмачилик”да айбланди.
В.И.Ленин 1920 йил май ойида Туркистонни Ўзбекистон, Қирғизистон,
Туркманистонга бўлинган харитасини (этнографик ва ҳоказо харитасини)
тузишни мутасадди шахсларга топширган. Шунинг учун 1920 йил августда
Туркистон АССРнинг Еттисув вилояти, Сирдарё ва Закаспий вилоятларининг
бир қисми янги ташкил қилинган РСФСР таркибидаги Қирғизистон АССР
(аслида Қозоғистон АССР) ихтиёрига берилган. 1920-1924 йилларда мустақил
Бухоро ва Хоразм республикаларини мавжуд бўлиб туриши Марказнинг
вақтинчалик муроса йўлини танлаганлигидан бошқа нарса эмас эди. Аслини
олганда Совет ҳукуматининг раҳбари В.И.Ленин совет республикалари
асосида СССРни ташкил қилиш принциплари тўғрисида 1922 йил кузида
тўхталар экан, “қўшилишдан олдин ажралиш керак”, деб масалани аниқ
қўйган эди.
Хуллас, Туркистон минтақасини миллий-ҳудудий жиҳатдан қайта
чегаралаш Марказ ва РКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси томонидан ишлаб
чиқилди ва 1924 йилда у ўзининг сўнгги босқичига кирди.
15.2 Миллий-ҳудудий чегараланиш масаласининг тегишли
ташкилотларда муҳокама этилиши
1924 йил апрель-июнь ойларида марказий органлар, минтақанинг уч
республикасидаги коммунистик ташкилотлар ва РКП(б) МК Ўрта Осиё
бюросида миллий чегараланиш масалалари юзасидан зўр бериб иш олиб
борилди. Миллий чегараланиш масалаларини янада батафсил ва чуқурроқ
ўрганиш учун Туркистон ва Бухоро Коммунистик партиялари Марказий
Қўмиталари ҳузурида махсус комиссиялар тузилди. Бундай комиссия
Марказнинг Туркистондаги ваколатли ташкилоти – Ўрта Осиё бюроси
ҳузурида ҳам иш олиб борган. Шунингдек, бу комиссия ҳузурида кичик
комиссиялар ҳам ташкил этилган эди.
Миллий-ҳудудий чегараланишни ўтказишга масъул бўлган кичик
комиссияларнинг маърузалари РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси комиссиясининг
1924 йил 10 майдаги мажлисида, 11 майда эса РКП(б) Ўрта Осиё бюросининг
махсус мажлисида тингланди. Ўрта Осиё бюроси, махсус комиссия ва унинг
кичик комиссиялари ишининг якунларини муҳокама қилиб, улар томонидан
ишлаб чиқилган Ўрта Осиёни миллий-ҳудудий чегараланишининг аниқ
режасини тасдиқлади. Унга кўра:
“1. Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикаларини миллий-ҳудудий
белгиларига кўра чегаралаш зарур деб топилсин, янги ташкил этилаётган
миллий-ҳудудий бирлашмалардан федерация1 ташкил этилмасин.
2. Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ташкил этилсин ва улар
мустақил ССР ҳуқуқларига эга бўлсин ва бевосита СССРга кирсин.
Ўзбекистон республикаси доирасида Тожикистон автоном вилояти ташкил
1 Бу ўринда Ўрта Осиё федерацияси ёки Фарғона федерацияси тузиш фикри билан чиққан айрим миллий
раҳбар ходимларнинг қарашлари назарда тутилмоқда.
этилсин. Қирғизистон автоном вилояти ташкил этилиб, унинг қайси
республика таркибига кириши масаласи очиқ қолдирилсин.
3. Туркистон республикасида яшайдиган қозоқлар ҳозирги вақтда
мавжуд бўлиб турган Қозоғистон автоном республикасига киритилсин”.
Туркистон ўлкасини парчалаб ташлашга қарши чиққанлар орасида
миллий раҳбар ходимлардан ташқари Марказдан келган айрим нуфузли
вакиллар ҳам бўлган. Ана шундай коммунистлардан бири Г.Сафаров бўлиб, у
ўзининг 1924 йил 25 апрелда “Туркестанская правда” газетасида эълон қилган
мақоласида Туркистондаги мавжуд аҳволни батафсил кўрсатиб, қуйидагича
мулоҳазаларни келтириб ўтади: “Туркистонни бўлиш енгилтаклик бўлиб,
баъзи областлар масаласида низолар келиб чиқади. Чунки иқтисодий
жиҳатдан турли областлар бир-бирини тўлдиради ҳамда жуда кўп турли
миллатлар яшайдиган аралаш аҳоли пунктлари мавжуд. Шу масала юзасидан
кўплаб муаммолар келиб чиқади”.
Дарҳақиқат, 1924 йили миллий-ҳудудий чегараланиш жараёнида
миллий масала жуда ўткирлашди. Архив ҳужжатларида келтирилишича, бу
хусусда аҳвол шу даражага бориб етдики, аҳоли ўзининг миллатини яшира
бошлади. Улар ўзларини яшаш жойларидан кўчириб, шу номдаги
республикага жўнатиб юборилишидан чўчир эдилар.
Ўрта Осиё бюросининг минтақада миллий-ҳудудий чегараланишни
ўтказилиши хақидаги қарорига дастлаб Хоразм республикаси раҳбарлари
қарши чиқдилар. 1924 йил 8 майда Ўрта Осиё иқтисодий конференциясига
қатнашиш учун Тошкентга келган Хоразм делегациясининг аъзолари РКП (б)
МК Ўрта Осиё бюросининг раиси номига “Хоразмда миллий масаланинг ҳал
қилиниши тўғрисида ёзишмалар” номли ҳужжатни топширди. Бу ҳужжатга
Хоразм Компартияси Марказий Комитети (ХКП МК) масъул котиби
Қ.Адинаев, ХКП МК Ижроия бюроси аъзоси Абдусаломов, Хоразм
республикасининг Тошкентдаги бош элчиси Ёқубов, ХССР Госпланининг
раиси Шулимов ва Хоразм ҳукуматининг бир қатор аъзолари қўл қўйган
эдилар. Жумладан, ҳужжатда бундай дейилган: “Хоразм районининг
иқтисодий жиҳатдан яхлитлиги, унинг
хусусиятлари ва Туркистон
районларидан
фарқ
қилиши,
Хоразмнинг
айрим
районлари
тузиш
мўлжалланаётган
миллий
республикалар
марказлари
билан
узвий
боғланмаганлиги...” Хоразмни ўз чегараси доирасида мустақил маъмурий
сиёсий марказ сифатида қолдиришни тақозо этади. Ёзишма муаллифлари
Хоразм ССРга Туркистон АССРнинг Амударё вилоятини қўшиш масаласини
ҳам кўтардилар.
Хуллас, бу мактубда Хоразмни мустақил маъмурий район сифатида
ўзининг доирасида қолдириш ва Хоразмга Амударё вилоятини киритиш
масаласи қўйилган эди. Аслида бу Хоразм республикаси раҳбариятининг
чегараланиш ўтказилишини рад қилиши эди. Бироқ Ўрта Осиё бюроси
хоразмлик миллий раҳбар ходимларнинг фикрларини қатъиян рад қилди,
бюро қабул қилган қарорнинг биринчи бандига Хоразм республикасини ҳам
киритди. Шунга қарамасдан ХКП МК Ижроия бюроси 1924 йил июнда
юборган телеграммаси билан мактуб муаллифларининг нуқтаи назарини
қўллаб-қувватлади. Хуллас, хоразмлик миллий етакчилар ўз фикрларида
собит қолиб, бу масалада Марказ сиёсатига қарши чиқдилар.
Шу муносабат билан РКП(б) МК Сиёсий бюроси 1924 йил 12 июнда
бўлиб ўтган мажлисда чегараланиш материалларига доир ҳужжатларга
тегишли тузатишлар киритишга мажбур бўлди. Сиёсий бюро Хоразм
республикасини олдингидек ўз ҳолига қолдиришга вақтинча рози бўлди ва бу
ҳақда қарорда ёзиб қўйилди. Шунингдек, Марказ бу ҳақда Ўрта Осиё
бюросига тегишли топшириқларни жўнатди.
Хуллас, 1924 йил 12 июнда РКП (б) МК Сиёсий бюроси “Ўрта Осиё
республикаларини (Туркистон, Бухоро ва Хоразмни) миллий чегаралаш
тўғрисида”ги масалани кўриб чиқди ҳамда “Бухоро ва Туркистон
Компартиялари Марказий Комитетлари ва Халқ Комиссарлари Советларининг
таклифлари” ни ҳисобга олиб, қуйидагича қарор қабул қилди:
а)
Туркистон,
Бухоро
ва
Хоразмнинг
туркманлар
яшайдиган
қисмларидан мустақил Туркманистон республикаси тузилсин;
б) Туркистон ва Бухоронинг ўзбеклар яшайдиган қисмларидан мустақил
Ўзбекистон республикаси тузилсин;
в) Хоразм республикасидан туркманларни ажратган ҳолда бу
республика ўз ҳолича қолдирилсин.
Сиёсий бюро Туркистоннинг қозоқлар яшайдиган районларини
Қирғизистон АССР (аслида Қозоғистон АССР) билан бирлаштиришни,
шунингдек, бевосита РСФСР составига кирадиган Қора-Қирғизистон (аслида
Қирғизистон) автоном вилояти ва Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон
автоном вилоятини тузишни зарур деб топди.
РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ўзининг 1924 йил 10 августда бўлган 322-
мажлисида бюро котиби Карклиннинг “Хоразм бўйича амалий таклифлар”
номли маърузаси асосида қарор қабул қилди. Бу қарорда ХКП МК Ташкилий
бюроси томонидан 26 июнда қабул қилинган Хоразмнинг ўзбеклар яшайдиган
қисмини
Ўзбекистон
Республикасига
киритиш
ҳақидаги
“қарор”
маъқулланди. Хоразм республикаси таркибидаги Қирғиз-Қорақалпоқ
областига муносабат масаласи очиқ қолдирилди.
РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси Марказ топшириқларини бажаришга
интилди. Натижада 26 июнда Хоразм Компартияси МКнинг янгиланган
таркиби миллий коммунистлар 9 июнда чиқарган қарорни бекор қилди ва
Хоразм учун ҳам миллий чегараланишнинг зарурлигини эътироф этди. РКП(б)
МК Сиёсий бюроси Ўрта Осиё бюросининг таклифи билан яна бу масалага
қайтди ва Хоразмни Бухоро ҳамда Туркистон билан бир қаторда миллий-
ҳудудий чегараланиш жараёнига қўшди.
РКП(б) МК Сиёсий бюросининг 1924 йил 12 июнда қабул қилган
қароридан бошлаб миллий-ҳудудий чегараланишни тайёрлаш жараёни янги
босқичга кирди. 15 июлда РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси янги ташкил
этиладиган миллий республикалар ва вилоятларнинг муваққат бюросини
ташкил этди.
Режалаштирилган янги миллий тузилмаларни мазмунан тўлдириш,
уларнинг ҳудудларини аниқлаб чиқиш, чегараларни ажратиш ва белгилаш
лозим эди. Бу иш бирмунча олдинроқ РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ташкил
этган Ҳудудий комиссияда, унинг миллий кичик комиссияларида ва жанжалли
масалаларни ҳал қилиш учун тузилган махсус комиссияларда бошланган эди.
Ҳудудий комиссия таркибига Файзулла Хўжаев, Султонбек Хўжанов,
Абдулла Раҳимбоев, Рустам Исломов, Қайғусиз Отабоев, Нодир Айтоқов,
Й.Абдураҳмонов, И.Айдарбеков, И.Варейкис, Д.Манжара, И.Межлаук,
Х.Сахат-Муратов ва бошқа сиёсий арбоблар кирган эди.
Ҳудудий комиссия (унинг таркибига янги ташкил этилаётган
республикалар ва вилоятларнинг юқорида номлари келтирилган вакиллари
кирган
эди)
мажлисларининг
стенографик
ҳисоботлари
бу
ишни
бажарганлардан бирининг образли ифодаси билан айтганда, “аҳолини миллий
гуруҳларга ажратиш” муаммоларининг мураккаблиги ва хилма-хиллигига
бугунги кунда чинакам баҳо бериш имкониятини туғдиради. Агар ўзбек ва
туркман кичик комиссияларининг вакиллари умуман битта нуқтаи назарда:
чегараланиш асосида мустақил “миллий совет республикалари” ва автоном
вилоятлари ташкил этилишини ёқлаган бўлсалар, Хоразм делегацияси Хоразм
республикасининг дахлсизлигини ҳимоя қилишда давом этди, қозоқ кичик
комиссияси эса Ўрта Осиё совет республикалари федерациясини тузиш
ғоясини яна бир марта илгари сурди. Ўрта Осиё ҳудудини мўлжалланаётган
миллий тузилмалар ўртасида чегараларга ажратиб олишда янада кўпроқ
хилма-хиллик кўзга ташланди. Чегараланиш учун асос қилиб олинган икки
принцип - миллий-ҳудудий ва иқтисодий принциплар Ўрта Осиёда мавжуд
бўлган шароитга тўғри келмади. Ҳудудий комиссия аъзолари олдига ҳал
этилиши қийин бўлган вазифаларни келтириб чиқарди, улар ўртасида
норозилик ва келишмовчиликларни чуқурлаштирди, баъзида эса ғалати ва
жиддий вазиятларни юзага келтирди.
Мажлис қатнашчилари таянч масалаларни илмий жиҳатдан янада
чуқурроқ ўрганиб ўтирмасдан оддий овоз бериш йўли билан Ўрта Осиё
Федерацияси ташкил этилиши ғоясига (мажлисда бу ғояни Султонбек
Хўжанов асослаб берган ва ҳимоя қилган эди) қарши фикр билдириб,
Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССРни ташкил этиш ва уларнинг бевосита
СССРга киришини, Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон автоном вилояти
ва Қирғизистон автоном вилояти таркиб топишини ёқлаб чиқдилар.
Ҳудудий комиссия фаолиятининг натижалари РКП(б) МК Ўрта Осиё
бюросида ва Ўрта Осиё коммунистик ташкилотлари раҳбар органларида
муҳокама қилинди. 1924 йил 14 сентябрда Туркистон Компартияси, Туркистон
АССР МИК ва Тафтиш комиссиясининг қўшма пленумида Ҳудудий
комиссиянинг иши тўғрисида комиссия раиси, ТКП МКнинг масъул котиби
И.Варейкис маъруза қилди. У ўз маърузасининг кириш қисмида миллий-
ҳудудий чегараланишнинг тепасида большевиклар партияси турганлигини зўр
қониқиш ҳисси билан таъкидлайди. Варейкис бундан ташқари ишчи ва
деҳқонлар оммаси ўртасида бу масала юзасидан ташвиқот компанияси очиш
зарурлигини таклиф қилади. Шундай қилиб, минтақа халқлари ўз
тақдирларини ҳал қилиши керак бўлган миллий-ҳудудий чегараланиш
жараёнига эндигина тортилади.
ТКП МҚ, Туркистон МИК ва Тафтиш комиссиясининг қўшма пленуми
Туркистон, Бухоро ва Хоразмнинг миллий-ҳудудий чегараланиши режасини
умуман маъқуллади, Ҳудудий комиссиянинг ва РКП(б) МК Ўрта Осиё
бюросининг қарорларини тасдиқлади ва мазкур режани кўриб чиқиш ҳамда
тасдиқлаш учун Туркистон АССР МИКнинг фавқулодда сессиясини чақириш
ҳақида қарор қабул қилди.
Шу тариқа, бунга қадар фақат партия органлари томонидан кўриб
чиқилган, тайёрланган ва узил-кесил ҳал этилган масалани тасдиқлаш учун
совет органларига беришга қарор қилинди. Шунингдек, ТКП МКнинг қўшма
пленуми бу масалага доир ўз резолюциясида “ишчилар ва деҳқонлар оммаси
орасида кенг компания очиш”ни таклиф қилди, чунки И.Варейкиснинг
маърузасида қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берилган эди. “ Масаланинг
сиёсий томонлари хақида хулоса чиқариш имкониятига эга эмасмиз. На
Марказий Комитетда, на Ўрта Осиё бюросида айнан миллий ҳудудий
чегараланиш ғояси маҳаллий аҳолига қандай таъсир қилганлиги, сингиганлиги
ҳақида аниқ тўхтамга келинмаган. Унинг партиявий доиралардаги акс-
садосини биламиз, аммо партиясизлар орасида қандай кечаётганлигидан
бехабармиз. Бу
масалани ўрганиш
учун тадқиқотлар, текширувлар
ўтказмадик. Бирорта съезд ва конференция бўлмади. Бизку уларни амалга
ошираяпмиз, аммо аслида совет сиёсатини тўғри ташкил этиш съездлар
ўтказилгандагина рисоладагидек бўлади. Биз шуларни бажармаган эканмиз
биз фақатгина юқорининг, яъни партиявий раҳбариятнинг фикрига эгамиз.
Бундай олиб қараганда партиянинг нуқтаи назари ҳам бизга қоронғу”.
Варейкиснинг бу мулоҳазаси жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳақиқатан
ҳам, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ўлка аҳолиси ўша пайтга қадар ўз
тақдири учун ғоят аҳамиятли бўлган масалани муҳокама қилишдан бутунлай
четлаштирилиб қўйилган эди.
Ўрта Осиё бюроси ТКП, БКП ва ХКП Марказий Комитетларига
маҳаллий партия ташкилотларига “чегараланиш бўйича ҳам оғзаки, ҳам ёзма
ташвиқот компанияси ўтказиш вақтида интернационал коммунистик
жиҳатларга қатъий амал қилиш ва чегараланиш вақтида айрим миллатлар
ўртасида қандайдир масалада бўлмасин келиб чиқадиган миллий оғмачиликка
йўл қўймаслик, чегараланиш масалаларини кўпчилик ўртасида муҳокама
қилиш вақтида РКП (б) МК ва Ўрта Осиё бюросининг Ўрта Осиё
республикаларининг миллий чегараланиши тўғрисидаги қарорларига қатъий
амал қилиш...” вазифасини юклашни таклиф этди.
ХССР нинг Москвадаги мухтор вакили Абдусаломов томонидан 1924
йил 28 августда ВКП(б) МК Бош котиби И.В.Сталин номига ёзилган мактубда
миллий-ҳудудий чегараланиш хусусида қизиқарли далиллар мавжуд. Хоразм
республикасидаги миллий раҳбар ходимларнинг етакчи вакилларидан бири
ҳисобланган Абдусаломов Москвадаги фаолияти давомида большевиклар
партиясининг доҳийси билан бир неча марта учрашган, унинг характерини
яхши билган. Шунинг учун ҳам Сталинга ёзилган бир варақлик (2 бет)
мактубда Абдусаломов дастлабки совет ҳокимиятининг Шарқдаги сиёсати
тўғрисида тўхталади, сўнгра Хоразмдаги давлатчилик тарихи, Қадимги
Хоразм давлатининг жаҳон тарихида тутган ўрни, бугунги кунда Хоразм
республикасидаги сиёсий аҳвол ва хоразмликлар руҳиятидаги ўзгаришлар
хусусида сўз боради. Мактуб муаллифи ХССРнинг Москвадаги мухтор
ваколатхонасига унинг ҳузурига шу масала бўйича махсус келган Афғонистон
элчихонасининг биринчи котиби билан бўлиб ўтган суҳбат тўғрисида ҳам
Сталинга маълумот бериб, миллий-ҳудудий чегараланиш Ўрта Осиё
республикаларига қўшни давлатлар: Афғонистон, Эрон, Туркия каби Шарқ
мамлакатларида кучли қизиқиш, айни пайтда катта хавотирга сабаб
бўлаётганлиги тўғрисида гапиради. Абдусаломовнинг ёзишича, унинг
назарида бу масалани ҳал этиш эрта бошланган. У бу масала бўйича Цукерман
билан бўлиб ўтган суҳбатдан қониқмаганлиги учун Сталинга шахсан
мурожаат қилган. Афсуски, Сталиннинг жавоб мактуби ёхуд бошқа фикрлар
тўғрисида архивда маълумотлар сақланиб қолмаган.
15.3 Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши, ҳудудий
бўлиниши ва бошқарув тизими
ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг 1924 йил 7 сентябрда бўлиб ўтган
107-мажлисида бюронинг биринчи котиби И.А.Зеленский “Чегараланиш
билан боғлиқ масалалар тўғрисида” маъруза қилди. Маърузада Ўрта Осиёда
ўтказилаётган миллий-ҳудудий чегараланиш билан боғлиқ тадбирлар
хусусида сўз боради. Мажлисда ҳудудий комиссиянинг 16 августдаги 2-
протоколи, 21 августдаги 5-протоколи ва 6 сентябрдаги 6-протоколи асосида
янги
тузилаётган
Туркманистон
ССРнинг
чегаралари
тасдиқланади.
Шунингдек, ҳудудий комиссиянинг 21 августдаги 5-протоколи асосида янги
тузилаётган Ўзбекистон ССРнинг Қирғизистон Республикаси (аслида
Қозоғистон АССР) билан чегаралари ҳам тасдиқланади. Бундан ташқари
Ҳудудий комиссиянинг 6 сентябрдаги 6-протоколи асосида янги тузилаётган
Тожикистон автоном областининг чегаралари, 21 августдаги 5-протоколи
асосида Қора Қирғиз (аслида Қирғизистон) автоном вилоятининг чегаралари
ва 21 августдаги 5-протоколи ва 6 сентябрдаги 6-протоколи асосида
Қорақалпоқ автоном вилоятининг чегаралари ҳамда Амударё вилояти ҳудуди
тасдиқланади. Турли халқлар аралаш яшайдиган ҳудудларни миллий
республикалар ёки вилоятларнинг қайси бирига киритиш лозимлиги кескин
тортишувларга сабаб бўлади. Бу ҳақда архив фондларида кўплаб ҳужжатлар
сақланиб қолган.
Ўрта Осиё бюросининг 1924 йил 9 сентябрда бўлиб ўтган 109-
мажлисида Бухородаги қирғизлар (аслида қозоқлар) масаласи бўйича
комиссиянинг
маърузаси
(маърузачилар
Знаменский
ва
Сергазиев)
тингланади.
Маърузада
кўрсатилишича,
Бухоро
вилояти,
Кармана
вилоятининг ғарбий қисми (Конимех) ва Нурота вилоятларида қирғизлар
(қозоқлар) яшаётганлиги учун бу ерда махсус қирғизлар тумани (маркази-
Нурота шаҳри) ташкил қилиниши лозим. Бу туман марказий ҳокимиятга
тўғридан-тўғри бўйсунади. Бу ҳақда мажлисда махсус қарор қабул қилинган
ва ушбу қарор асосида кейинчалик махсус Нурота уезди ва Конимех автоном
райони ташкил этилган.
1924 йил 15 сентябрда Туркистон АССР МИК нинг навбатдан ташқари
сессияси иш бошлади. Унинг кун тартибида битта масала: миллий-ҳудудий
чегараланиш масаласи турарди. Мазкур масала юзасидан Туркистон АССР
Халқ Комиссарлари Совети раиси Рустам Исломов маъруза қилди. Бу маъруза
олдинги босқичларда илгари сурилган барча ғоялар ва қоидаларни
такрорлашдан иборат бўлди. Маърузада Ўрта Осиёда ўтказилаётган миллий-
ҳудудий чегараланишни “миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш
принципи”ни тўлиқ амалга ошириш, янги “миллий давлат тузилмалари”ни
ташкил этиш сифатида тушуниш кераклигига асос солинди. Шу билан бирга
Р.Исломов маърузасида, миллий-ҳудудий чегараланиш “халқларнинг хоҳиш-
иродасини билдириш акти”, деган тезис биринчи бор қуйидагича очиқ
айтилди: “Туркистон халқлари билан биргаликда Бухоро ва Хоразм халқлари
ҳам миллий чегараланиш тўғрисида ўз-хоҳиш иродасини билдирдилар. Улар
ҳам барча ўзбеклар, қирғизлар ва туркманларнинг ягона давлатга
бирлаштириш йўли билан қилинган тарихий адолатсизлик оқибатларини
тузатишга интилмоқдалар”. Туркистон АССРдан ташқари БССР ва ХССР да
ҳам миллий-ҳудудий чегараланиш тўғрисида шундай қарорлар қабул қилинди.
1924 йил 14 октябрда бўлган Бутунроссия Марказий Ижроия Қўмитаси
(РСФСР МИК) I сессиясида Ўрта Осиёдаги Туркистон, Бухоро ва Хоразм
республикалари ўрнида Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССР, Тожикистон
АССР (Ўзбекистон таркибида), Қорақалпоқ (Қорақалпоғистон) автоном
вилояти ва Қора-Қирғиз (Қирғизистон) автоном вилояти ташкил этиш
тўғрисида қарор қабул қилинди. Ниҳоят, 1924 йил 27 октябрда бўлган
Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Қўмитаси (СССР БМИК) II сессияси Ўрта
Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказиш ва янги республикалар ҳамда
вилоятлар ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шундай қилиб, 1924 йил сентябрь-октябрь ойларида Туркистон
минтақасида
ўтказилган
миллий-ҳудудий
чегараланиш
Ўрта
Осиё
республикалари, совет Россияси ва СССР давлат ҳокимияти юқори органлари
қарорларида қонун йўли билан расмийлаштирилди.
1924 йил 18 ноябрда Туркистон АССР, Бухоро ССР ва Хоразм ССР
Марказий Ижроия Қўмиталари махсус қўшма қарор қабул қилдилар ва шу
қарорга биноан ўз ваколатларини Ўзбекистон ССР Советларининг Таъсис
қурултойига қадар иш кўрувчи, Файзулла Хўжаев раислигида 31 октябрда
ташкил этилган Ўзбекистон ССР Муваққат инқилобий комитети (ревком)га
топширдилар. Бу комитет тўрт ой давомида Ўзбекистон ССР тузилишини
бошқариб борди.
Ўзбекистон ССР Ревкомининг 1925 йил 29 январдаги қарорига кўра янги
тузилаётган республиканинг маъмурий тузилиши қуйидагича бўлган: ЎзССР
7 та вилоят ва алоҳида Нурота уездига бўлинган. Самарқанд шаҳри пойтахт
бўлиши керак эди. Вилоятлар 32 та уезд, уездлар эса 312 та волостга бўлинган.
Маълумотларда келтирилишича, бу пайтда аҳолининг сони 3.963.285 кишини,
яъни Ўрта Осиё аҳолисининг деярли ярмини – 48,7 фоизини ташкил этарди.
1926 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш бўйича республикада
истиқомат қилувчи аҳолининг таркиби қуйидагича эди: ўзбеклар – 74,2%,
тожиклар – 7,8%, руслар – 5,6%, қозоқлар – 2,4%, қирғизлар – 2,04%.
Шундай қилиб, 1924 йил охири ва 1925 йил бошларида Туркистон
АССР, БССР ва ХССР тугатилиб, уларнинг ўрнида Ўзбекистон ССР,
Туркманистон ССР, Тожикистон АССР (1929 йилгача Ўзбекистон ССР
таркибида), Қора-Қирғиз (Қирғизистон) автоном вилояти (РСФСР таркибида),
Қорақалпоқ автоном вилояти (дастлаб Қозоғистон АССР таркибида; 1930
йилдан РСФСР таркибида; 1932 йилдан Қорақалпоғистон АССР; 1936 йилдан
у Ўзбекистон ССР таркибида) ташкил этилди. Қозоғистон АССР эса 1920 йил
августда РСФСР таркибида тузилган эди. 1924 йил охири ва 1925 йил
бошларида совет режими ва большевиклар Туркистон минтақасини парчалаб
ташлаб, Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишни амалга оширди.
1925 йил 13-17 февралда Бухорода бўлган Ўзбекистон ССР
Советларининг
1
қурултойида
“Ўзбекистон
Совет
Социалистик
Республикасини ташкил этиш тўғрисида Декларация” қабул қилинди.
Декларация
Ўзбекистон
ССРнинг
ташкил
топганлигини
қонунан
расмийлаштирди ва унинг ихтиёрий равишда СССР таркибига кирганлигини
эълон қилди. Декларацияда ёзилганидек, “шу кундан эътиборан ўзбек халқи
тарихида, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Зарафшон, Сурхондарё
ва Хоразм вилоятларини ўз ичига олган бу халқ ҳудудида биринчи марта ишчи
ва деҳқонларнинг иттифоқдош Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси
таъсис этилади, унга Тожикистон АССР ҳам киради”.
Қурултойда
республика
ҳокимиятининг
олий
органлари
расмийлаштирилди. Таниқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев Ўзбекистон
ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси ва Йўлдош Охунбобоев Ўзбекистон
ССР Марказий Ижроия Қўмитаси Президиуми раиси қилиб сайланди.
Шу тариқа Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши ва унинг СССР
таркибига кириши билан минтақада совет давлатчилигининг янги босқичи
бошланди. Ўзбекистон ССРда 1925 йилдан бошлаб Совет Иттифоқи
таркибига кирган 6 та “иттифоқдош республика”нинг бири сифатида
социалистик жамият асосларини қуриш давом эттирилди.
Янги ташкил топган “иттифоқдош республикалар”нинг статуси
(мақоми), уларни қандай асосларда СССРга кириши ва ундан ажралиб чиқиши
энг аввало қонуний йўл билан расмий ҳужжатларда, Иттифоқ ва республика
конституцияларида ўз аксини топди.